Бугунги кунда маҳаллаларда аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Бироқ барча маҳаллаларда ҳам ишсизларни ишга жойлаштириш, уларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича бизнес лойиҳалари таклиф қилиш, бу борада ҳуқуқларини тушунтириш бўйича ишлар тўғри йўлга қўйилмаган.
Аксарият маҳаллаларда ўз бизнесини бошгламоқчи, оиласига моддий кўмак бериш истагидаги ёшлар ва хотин қизлар ортиқча маблағнинг йўқлиги, бизнес лаёқатига эга эмаслиги ёки бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларга яратилган шароитлар бўйича тегишли ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлаётганликлари ҳам сир эмас.
Айнан Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган жорий йил 5 январдаги қарори ижроси доирасида Тошкент давлат юридик университети Тошкент шаҳри ва вилояти, Сирдарё вилояти маҳаллаларида, таълим муассасалаларида хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш, профилактик чора-тадбирлар самарали жорий этиш, жиноятчиликни камайтириш борасида қатор ишларни амалга оширмоқда.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида ҳар бир маҳаллада ситуацион марказлар ташкил этилган, бепул ҳуқуқий маслаҳат гуруҳлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари адвокатлик лицензиясига ҳамда медиаторлик сертификатларига эга бўлган университет профессор ўқитувчилари ҳам мазкур тадбирга жалб этилганлиги ҳам дуал таълимни кенг жорий этиш, ҳам аҳолига ҳуқуқий маслахатлар бериш, низоларни судгача ҳал қилишда самарали ишлар ташкил этилган. Университет профессор ўқитувчилари, талабалари маҳалла мактабларида, техникумларда ўқувчилар учун факультатив курсларда ҳуқуқни оддий тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Шунингдек, уюшмаган ва тарбияси оғир ёшлар билан ҳуқуқий тарғибот асосида ишлаш, маҳалла, мактаб ва техникумларда ҳуқуқий танловлар, викториналар, интеллектуал ўйинларни ҳам йўлга қўймоқдалар. Турли ўйинга асосланган ҳуқуққа риоя қилиш дарслари, симуляцион машғулотлар орқали ҳам давлат раҳбари қарорини ижросини таъминлаш кўзда тутилган.
Университетнинг “Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ” шўъбаси ташаббуси билан маҳаллаларда янги лойиҳа – онлайн бизнес-юридик клиника» жорий этилиши бизнесга амалий ҳуқуқий ёрдам, тадбиркор ёки бизнесга энди қадам қўймоқчи бўлган ёшлар ва хотин қизларни қўллаб-қувватлашнинг янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
«Онлайн бизнес-юридик клиника» замонавий платформа бўлиб, унда барча фуқаролар, тадбиркорлар бизнес юритиш масалалари бўйича бепул юридик маслаҳатлар, тушунтиришлар ва тавсиялар олиш имкониятига эга бўлади. Бу оддий аҳолининг телеграм ижтимоий тармоғи орқали қамраб олишни кўзлаган лойиҳа бўлиб, содда ва оддий ишлаш механизмига эга. Ҳар бир маҳалла, кўча ёки уйларда телеграм каналига аъзо бўлиш имкониятини яратадиган QR-кодлар жойлаштирилади. У орқали исталган шахс Университет “Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ” шўъбаси профессор-ўқитувчилари, талабаларидан иборат валантерлар билан виртуал боғланадилар ва ўз саволларини йўллайдилар. Савол мураккаблигидан келиб чиқиб, тезкор жавоб ёки масалани хал қилувчи йўналиш берилади.
Одатда кўплаб бизнес эгалари одатий муаммоларга дуч келади. Бизнес бошлашдаги иккиланишлар, сармоя олиш учун мурожаатдаги хадик, ҳамкор билан келишмовчилик, нотўғри тузилган шартнома, контрагентлар босими, рўйхатдан ўтишдаги хатолар, битимлардаги ҳуқуқий таваккалчиликлар, солиқ ва кредит муаммолари шулар жумласидандир. Аксарият ҳолларда эса етарли ҳуқуқий маслаҳат олмаган тадбиркорлар оқибатларни жуда кеч англайдилар. Бу эса муаммони чигаллаштириб, масала судгача етиб бориши ёки молиявий зарар юзага келиши мумкин.
«Онлайн бизнес-юридик клиника» айнан шундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳадир. Лойиҳа муалифларининг асосий мақсади бугун билан яшаш эмас, аксинча талабаларнинг дуал таълим йўналишида виртуал амалиёт майдонини яратиш ва уни кенгайтириш, реал ҳамда хаётий кейсларни талабалар билан ҳал қилиш ҳисобланади.
Бу ерда мурожаат қилувчилар бизнес юритиш бўйича юридик тушунтиришлар, шартнома ва битимларни таҳлил қилишда ёрдам, тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар, аҳоли бандлиги бўйича масалалар, корпоратив ва бошқа низолар бўйича консультациялар олишлари мумкин.
Тадбиркорлар бу ерда нафақат умумий тушунтиришлар, балки амалий тавсияларни ҳам оладилар. Бу эса келгусида зарар келиб чиқиши ёки суд жараёнларига олиб келиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини олишга имкон беради.
ТДЮУ ушбу йўналишда янги ғояларни қўллаб-қувватлаш, дуал таълим имкониятларини ошириш йўналишида “Иқтисодиёт Ассамблеяси” ва “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумларини ҳам имзолади. Айнан ушбу ташкилотлар билан маҳаллаларда бизнисни қўллаб-қувватлашда турли йўналишлардаги тадбирларни ташкил этиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга бизнесни бошловчилар, бандлик масаласидаги тушунтиришларни ўз ичига олган комикслар яратиш бўйича илк қадамлар ташланди. Бундай комикслар мактаб ва техникум ўқувчилари ҳамда аҳоли турли қатламларига мослаб ишлаб чиқилди.
Жахонгир Юлдашев,
ТДЮУ “Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ” шўъбаси мудири