Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТДТ Самарқанд саммити: янгича устуворлик ва имкониятлар
13:57 / 2022-12-27

Самарқанд бу йил иккита олий даражадаги тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитларига мезбонлик қилди. Ҳар икки анжуман доирасида кечган учрашув ва музокаралар натижасига кўра, аъзо мамлакатлар умумий муаммоларни ҳал қилиш бўйича биргаликдаги ҳатти-ҳаракатларнинг аниқ режасини белгилаб, фаолиятни такомиллаштириш бўйича муҳим ҳужжатлар қабул қилишди.

Самарқанд қарийб уч ой муддатга халқаро мулоқот ва ҳамкорлик, муҳим сиёсий, иқтисодий қарорлар чиқарадиган марказга айланди.

Хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти саммити Истанбул саммитидан кейин, қолаверса, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши тўлақонли Ташкилотга айлангандан сўнг туркий давлатлар раҳбарларининг кенг таркибдаги илк учрашуви бўлди.

2019 йил октябрда ушбу тузилманинг тўлақонли аъзосига айланган Ўзбекистон туркий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши этиб белгилаган. Мамлакатимиз мазкур аҳил оилага қўшилгач, қисқа давр ичида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан шерикликни янада мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган 30 дан зиёд ташаббус ва таклиф илгари сурилди.

Жумладан, 570 дан зиёд миллий ва хорижий ОАВ орқали ёритиб борилган Самарқанддаги учрашувга ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда катта қизиқиш билдирилгани бежиз эмас. Ушбу саммит ТДТнинг истиқболли халқаро тузилма сифатидаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилганини бутун дунё кузатиб борди.

Анжуман мавжуд улкан салоҳиятни қай тарзда юзага чиқариш, белгиланган стратегик устувор мақсадларга эришиш учун қандай аниқ механизмларга таяниш мумкинлигига оид саволларга жавоб берди.

Ўтган йил Истанбул саммитида қабул қилинган “Туркий дунё нигоҳи — 2040” концепциясининг амалий ўлчами қандай бўлиши ҳам ойдинлашди. Ўша ҳужжатда туркий халқлар аҳолиси 170 миллион кишини ташкил этувчи 4,5 миллион квадрат метрлик кенг маконда умумий уй барпо этиш ғоясига содиқ экани тасдиқланган эди.

ТДТ мамлакатларининг 1,2 триллион доллардан кўпроқ ЯИМ жаҳон ялпи ички маҳсулотининг салкам 1.5, Осиё ЯИМнинг 5.5 фоизини ташкил этади. Бинобарин, реал салоҳияти анча юқори бўлган ТДТ доирасида эришилган ­икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси истиқболли келажакка рағбат уйғотмоқда. Иқтисодчилар ­ҳисоб-китобича, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилса, товар айланмаси вақт ўтиши билан юзлаб миллиард долларга чиқиши мумкин. Бу туркий дунё иқтисодиёти ўсиши, халқларимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек, фаол ривожланиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятларни топиш ТДТ устуворлигига айланиши керак. Шу нуқтаи назардан, юртимиздаги етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлар ўртасида кооперацион алоқани мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур. Бунга Ўзбекистон етакчиси томонидан таклиф қилинган ТДТ Тараққиёт банки тузилиши муҳим асос бўлиши мумкин.

Туркий давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлаш йўлида янги минтақавий йўлаклар очиш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш, қуруқликдаги йўллар ва денгиз портларини дунё бозори билан боғловчи ягона транспорт маконини шакллантириш алоҳида эътиборга молик масала ҳисобланади.

Президентимиз томонидан ТДТ мамлакатларининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлиги дастурлари ҳам айни вазифани ҳал этишга қаратилган.

Туркий давлатлар транспорт боғлиқлиги ривожланиб, ўзаро савдо ҳажми кенгайиши билан глобал бозорга кенг йўл очилади. Натижада  иқтисодий ва ижтимоий интеграция даражаси кўтарилади, Ташкилотнинг узоқ муддатли стратегиясида белгиланган мақсадларга эришилади.

Янги таҳдидлар ортиб бораётган ҳозирги замонда туркий давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлаш давр талабига айланди. Мустаҳкам бирлашув орқали замонавий таҳдид, хатарларга қарши курашиш, умумий манфаатларни илгари суриш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш енгилроқ кечади.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити нуфузли ва зарур минтақавий тузилма, халқаро муносабатнинг замонавий тизимидаги муҳим восита сифатидаги мақомини мустаҳкамлашда давом этаётган ТДТ тараққиётини таъминлаш йўлида муҳим босқич бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзига хос дипломатияси, ҳаётий ташаббуслари туфайли яратувчан “Самарқанд руҳи” туркий давлатлар ҳамкорлиги ривожи, юксалишида ҳал қилувчи ўрин тутди, десак асло муболаға эмас.

Аҳаджон Мирзаев,

“Ўзагросуғурта” АЖ Наманган вилояти

филиали бошқарувчиси