Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида ташкил этилган навбатдаги брифингда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев аъзо давлатлар ўртасида транспорт-коммуникация алоқасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, ТДТ доирасида савдо-иқтисодий муносабат жадал ривожланмоқда. 2021 йил Ўзбекистоннинг аъзо мамлакатлар билан савдо айланмаси 8,3 миллиард долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 3,1 миллиард, импорт миқдори 5,3 миллиард долларни ташкил этган. Юк ташиш кўрсаткичи - 27,6 миллион тонналик миқдорнинг 80 фоизи темир йўл, 18 фоизи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келган. Транспорт ва коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш иқтисодий алоқа янада тараққий этиши, ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳамда минтақалар тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Бугун дунёда кузатилаётган вазият транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш ва ташқи савдо юки ташилувчи маршрутларни диверсификация қилишга умумий ёндашувни талаб этмоқда, – деди Ж.Чориев. – Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш, ТДТга аъзо мамлакатлар ва минтақа давлатлари билан ҳамкорликда халқаро юк ташувини янада енгиллаштириш, рақамли технологияларни жорий қилиш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоиз, Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа трансконтинентал йўналишлар туркий давлатлар орқали ўтади. Демак, тузилма доирасида бирлашув ва интеграциялашув транзит юк ташиш ҳажми ошишига олиб келиш баробарида Евроосиё қитъасининг барча мамлакатлари янада ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади.
Ғайрат Хонназаров,
Аслиддин Суюнов,
ЎзА мухбирлари.
Самарқанд шаҳри.