English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТДПУда яна бир халқаро конференция
10:53 / 2023-05-04

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази, Низомий номли Тошкент давлат педагогика университети ва Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик жамияти ҳамкорлигида "Ҳайдар Алиев – "Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик муносабати ва стратегик шериклик асосчиси" мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

ТДПУда бўлиб ўтган анжуман иштирокчилари университетда Озарбайжон маданият маркази томонидан ташкил этилган Ҳайдар Алиев суратлари ва нашрлари кўргазмаси билан танишдилар.

Олий ўқув юрти ректори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев Ҳайдар Алиев шахси нафақат Озарбайжон, балки Ўзбекистон учун ҳам жуда қадрли, буюк эканини таъкидлади.

Марказ директори Самир Аббосов Умуммиллий етакчининг халқ манфаати ва келажагини таъминлаш истаги, туркий олам ҳақидаги қарашлари, Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдаги хизмати ҳақида гапирди.

Халқаро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Зафарбек Ахмедов, Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий университети профессори, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳаммедова Озарбайжон билан муносабат Ўзбекистон учун доимо устувор бўлиб келгани, бу муносабат мустаҳкам пойдеворга эга эканини таъкидлаб, бугунги давлат раҳбарлари Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев мавжуд анъанани муваффақиятли давом эттиришаётганига урғу қаратди.

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, академик Низомий Жафаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Гулбаҳор Саидғаниева миллий етакчининг ижтимоий-сиёсий фаолиятига тўхталишди.

Боку давлат университети Археология ва этнография кафедраси мудири, доцент Карам Маммедов, ТДПУ профессори, тарих фанлари доктори Аброр Ҳазратқулов ва ёзувчи-таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф адабиёт, санъат ва илм-фан йўналишларида ҳам давлатларимиз ўзаро муносабатида ажойиб ютуқлар қўлга киритилаётганини қайд қилишди.

Анжуманнинг фаол ташкилотчилари ва иштирокчилари Халқаро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик жамиятининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Тадбирнинг бадиий қисмида университетнинг "Олтин мерос" ансамбли аъзолари ўзбек ва озарбайжон мусиқаларини ижро этишди.

Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гуляноғ Маммедова йиғилганларга озарбайжон ва ўзбек мусиқий дурдоналаридан намуналар тақдим этди.

Ғ.Хонназаров,

ЎзА