Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахмат билан шуғулланиш ва спортчиларни рағбатлантириш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Янгидан-янги шахмат мактаблари бунёд этилмоқда. Турли қимматбаҳо совринли мусобақалар ташкил этилмоқда.
Шахмат ўйини ақлий қобилиятни ривожлантиришда ижобий таъсир кўрсатади. Бунда кишининг мантиқий фикрлаши, таҳлил қилиш қобилияти ривожланади. Айниқса, иқтисодчилар учун ушбу спорт турини ўрганиш, билиш ва шуғулланиш фойдадан холи эмас. Айнан шу мақсадларни назарда тутган ҳолда, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Анатолий Карпов номидаги шахмат мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда шахмат бўйича 16 карра Жаҳон чемпиони, таниқли гроссмейстер, Россия Федерацияси Давлат думаси депутати Анатолий Карпов ҳамда Урал давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти меҳмон бўлди. Буюк шахмат устаси А.Карпов сўзга чиқиб, университет жамоаси ҳамда бўлажак иқтисодчиларга муваффақият тилади. Қолаверса, шахмат киши ақлий қобилиятни юзага чиқаришида, тизимли фикрлашида ғоятда катта аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шундан сўнг, анъанага кўра, ҳамкорлик ва дўстлик рамзи сифатида университет ҳовлисига меҳмонлар томонидан кўчат экилди.
Д. Маматова, ЎзА