Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талаба-ёшларда ватанпарварлик, фидойилик ва миллатпарварлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, университет раҳбарияти томонидан маданият ва санъат муассасалари, музейлар ва театрлар билан ҳамкорликда талаба-ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилувчи қатор дастурлар ишлаб чиқилган.
Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида, жорий йилнинг 7 октябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети талаба-ёшлари учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Шон-шараф” давлат музейига экскурсия ташкиллаштирилди.

Мазкур экскурсия талаба-ёшларнинг миллий армиямиз тарихига, аждодларимиз кўрсатган қаҳрамонлик ва фидоийлик намуналарига бўлган ҳурматини янада оширишга хизмат қилди.
Музейдаги экспонатлар орқали талабалар иккинчи жаҳон уруши йилларида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, фронтда ҳам, фронт ортида ҳам мардлик ва садоқат кўрсатган юртдошларимизнинг жасоратли ҳаёти билан яқиндан танишдилар.
Музей ходимлари томонидан берилган маълумотлар талаба-ёшларда чуқур таассурот уйғотиб, улар халқимизнинг озодлик йўлидаги кураши, тинчлик ва осойишталик учун қилган фидойиликлари тўғрисида маълумотларга эга бўлишди. Ташриф давомида талаба-ёшлар “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари ҳамда тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини томоша қилдилар.
“Шон-шараф” давлат музейига ташрифимиз биз учун беқиёс таассуротлар улашди — ҳар бир экспонат орқали Ватан ҳимоячиларининг жасорати, халқимиз матонати ва тинчлик қадрини янада чуқурроқ ҳис этдик” дея ўз таассуроти билан ўртоқлашди, ТДИУ биринчи босқич талабаси Исабек Абатов.
Қолаверса, бундай ташрифлар ёш авлодда юртга меҳр ва масъулият туйғусини янада кучайтирибгина қолмай, уларни тинчлик ва мустақилликнинг нақадар бебаҳо эканлигини англашга, жамиятда фаол фуқаролик позициясига эга бўлишга ундайди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида маънавий-маърифий ишлар шу тариқа, мунтазам давом этмоқда. Талабалар учун ташкил этилаётган бундай тадбирлар уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ватанпарварлик ва ғурур ҳиссини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Университет раҳбарияти бундан буён ҳам талаба-ёшлар билан ишлаш, уларнинг фуқаролик онги ва миллий ғурурини мустаҳкамлаш йўлида изчил фаолиятни давом эттиришни мақсад қилган.
М.Эшмирзаева, ЎзА