Бугун, 24 март куни Грузия пойтахти Тбилисида дзюдо бўйича «Катта Дубулға» туркумидаги халқаро турнир мусобақаларига старт берилади.
Мукофот жамғармаси 154 000 евродан иборат мазкур турнирда 61 давлатдан 420 га яқин спортчи иштирок этмоқда.
Кеча «Катта Дубулға» турнири олдидан мандат комиссияси ҳамда техник комиссия йиғилиши, барча вазн тоифалари учун қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
"Париж-2024" Олимпия ўйинлари рейтинг очколари тақдим этадиган нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг 11 нафар дзюдочиси – Камолиддин Бахтиёров, Достон Рўзиев, Манучер Ширинов, Обидхон Номонов, Ҳикматиллоҳ Тўраев, Мусо Собиров, Жаҳонгир Маматраҳимов, Муҳаммадқодир Мансуров, Шоҳруххон Бахтиёров, Диёра Келдиёрова ва Шоҳиста Назарова Тбилиси татамиларида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Халқаро турнирнинг бугунги баҳсларида 4 нафар дзюдочимиз баҳсларга киришади.
60 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Камолиддин Бахтиёров Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида турнирда иштирок этаётган эронлик Муҳаммад Рашнонезҳад билан, ушбу вазнда курашга киришадиган Достон Рўзиев грузиялик Саба Григалашвили билан, 66 килограммдаги ҳамюртимиз Манучер Ширинов норвегиялик Густав Броволд билан кураш олиб боради.
Шунингдек, аёллар ўртасида 52 килограмм вазнда кечадиган беллашувларда маҳоратли спортчимиз Диёра Келдиёрова қозоғистонлик Толганай Абеуова ва грузиялик Мари Махарашвили баҳси ғолиби билан илк беллашувни ўтказади.
Халқаро турнир 26 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА