Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга сифатли ёрдам кўрсатиш давр талаби
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармасида ижтимоий ходимлар учун тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга сифатли ёрдам кўрсатишга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш, жабрланганларга зарур ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларни бирламчи кўмак хоналари ва реабилитация марказларига йўналтириш механизмлари бўйича амалий тавсиялар берилди.


Семинар давомида иштирокчиларга қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, электрон платформа орқали зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини ҳужжатлаштириш, тегишли маълумотларни тизимга юклаш тартиби бўйича ҳам батафсил маълумот тақдим этилди.

Интерактив усулда ташкил этилган тадбир якунида барча иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири