Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таъзим сизга, устозлар!
19:05 / 2023-10-01

Дунёдаги энг бебаҳо бойлик – ақлу заковат, илм ва боқий мерос – яхши тарбияни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлар ҳар қанча шарафу эъзозга муносиб.

Айниқса, муаллимнинг обрў-эътибори – миллат ва халққа ҳам чабарчас боғлиқ. Шу боис юртимизда кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим сифатини замон талаблари асосида оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юзлаб замонавий илм масканлари қад ростлади. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Таълим тизимининг барча бўғинларида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наманган вилоятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Бу муҳим жиҳатлар Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуасида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбирида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов томонидан  алоҳида эътироф этилди. Тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фидойи ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

[gallery-13838]

Таъкидланганидек, Наманган вилоятида сўнгги етти йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 6 баробарга кўпайиб, қамров даражаси 24 фоиздан 75 фоизга етказилди. 2017-2022 йилларда жами 240 та давлат боғчасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бунинг учун 685 миллиард 292 миллион сўм сарфланди.

Вилоятда 106 мактабда мукаммал таъмирлаш, 128 мактабда капитал реконструкция ишлари амалга оширилган бўлса, 24 янги мактаб барпо этилди. Ушбу эзгу мақсадлар учун 1 триллион 13 миллиард 900 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 12 миллиард 300 миллион сўм ҳисобидан 4 та таълим муассасасида реконструкция ишлари бажарилди.

Бугунги кунда вилоятда олий таълим муассасалари сони 10 тага етказилиб, қўшимча 3 та давлат ҳамда 4 та нодавлат олий ўқув юрти фаолияти йўлга қўйилди. Талабалар сони эса охирги етти йилда 10 минг 833 нафардан 61 минг 710 нафарга, яъни олти баробарга ўсди. Олий таълимга қамров даражаси 9,2 фоиздан 41,5 фоизга ошди.

Ҳукуматимиз томонидан мактабларга берилган эътибор натижасида тизимда қатор ижобий ўзгаришлар ва ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, жорий йилда “Ёш китобхон” танловининг Республика босқичида Чортоқ туманидаги 22-мактабнинг ёш она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Замира Абдуллаева ғолиб чиқиб, Президент совғаси – “Спарк” автомобили соҳибаси бўлди.  

Президентимизнинг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг  яхши мактаб” танловининг Республика босқичида Наманган шаҳридаги 7-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, 850 миллион сўм мукофот ҳамда Буюк Британияга бепул сайёҳат йўлланмаси билан тақдирланди.

Мамлакат раҳбарининг шонли сана муносабати билан қабул қилган фармонига асосан таълим тизимида фидокорона меҳнат қилаётган етти нафар наманганлик муаллимга давлатимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллар топширилди. Бундан ташқари, ўқитувчилардан 49 нафари “Халқ таълими аълочиси”, 12 нафари эса “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритаётган илғор ўқитувчи ва мураббийларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.

– Маориф соҳасида фаолият юритаётганимга ўттиз йилдан ошди. Кечаги мактаб ва ўқувчи билан бугунгиси мутлақо фарқ қилади. Даврнинг ўзи педагогдан касбига янгича ёндашув, янгича фикрлаш ва қалб қўри, бор меҳри билан ёндашишни тақозо этмоқда,    – дейди Учқўрғон туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Одина Асланова. – Шогирдларим орасида қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, шифокорлар ва ўзим каби фан ўқитувчилари етишиб чиқди. Ўтган ўқув йилини муваффақиятли натижалар билан якунладик. Ўқувчиларимиз туман ва вилоят миқёсидаги фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллади. Битирувчиларимдан бири Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетига давлат гранти асосида қабул қилинди. Камтарона меҳнатларим қадрланиб, “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишонига лойиқ кўрилганидан беҳад миннатдорман.

Пойтахтимиздан келган таниқли санъат усталари ва вилоят ёш ижрочиларининг  бадиий дастури байрам кечасига янада файз киритди.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари.