Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,"Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби, таниқли журналист ва публицист Аҳмадали Шерназаров 40 йилдан буён матбуот соҳасида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Устоз журналист “Сирдарё ҳақиқати” вилоят газетасида узоқ йиллар меҳнат қилган.Айни пайтда “Халқ сўзи” республика газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири сифатида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқлар, шаҳар ва қишлоқлардаги бунёдкорлик ишлари, замондошларимизнинг юксак мақсадлар сари интилишларини кенг ёритиб келмоқда.
“Устоз-шогирд” анъанасига кўра, журналистика соҳасига қизиқадиган ёшлар учун Сирдарё вилоятида Аҳмадали Шерназаровнинг “Маҳорат мактаби” ташкил этилган. Машғулотлар онлайн шаклда, интерактив усулда ўтказилаётгани туфайли Андижон, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятларидан 60 нафардан зиёд бўлажак журналистга сабоқ олиш имконияти яратилди. Улар ижод намуналарини баҳолаш учун устозга йўллайди. А.Шерназаров ҳар бир шогирди билан алоҳида ишлайди,уларнинг мақолаларини таҳрир қилиб, маслаҳат ва тавсиялар беради. Масалан, Фарғона шаҳридан 6-синф ўқувчиси Фарзона Ҳошимова “Маҳорат мактаби”нинг энг ёш иштирокчиси. Устоз журналистика соҳасига иштиёқи баланд бу қизга ҳам онлайн тарзда дарс ўтмоқда.
Бугунги кунда “Маҳорат мактаби” қатнашчиларидан кўпчилиги ОАВ соҳасида хизмат қилмоқда.Бу мактабда сабоқ олаётган ёшларнинг йигирма бир нафари республикамиздаги университетларнинг журналистика факультетларида таҳсил олмоқда.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА