Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида кучли билим ва катта тажрибага эга тиббиёт ходимлари фаолият олиб боришади. Улар нафақат филиал, балки чекка туманлардаги шифохоналарда даволанаётган беморларнинг шифо топишлари учун ҳам қайғуришади.
Яқинда филиал бош врачи Умиджон Муҳиддинов бошчилигида бир гуруҳ етакчи мутахассислар Янгиқўрғон ва Чортоқ туманлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказий шифохоналарда бўлишди. Улар шифохонанинг қабул бўлими, хирургик ва терапевтик блоклар, реанимация бўлимларининг фаолиятини ўрганди. Шунингдек, шошилинч қабул бўлимларининг қизил, сариқ ва яшил зоналари фаолияти билан ҳам танишиб, бу борада керакли тавсияларини беришди.

Муҳими, филиал шифокорлари томонидан қишлоқларда фаолият юритувчи соҳа мутахассислари билан даволаш стандартлари ва касаллик тарихининг юритилиши хусусида суҳбатлар ўтказилди. Полипрагмазия бўйича тушунтириш ишлари етказилди. Реанимация ва бошқа бўлимларда даволанаётган оғир беморларга концилиум ўтказилиб, уларга зарур тавсиялар берилди. Янгиқўрғон тумани марказий шифохонасида эса лапаротомия эхинококэктомия ташхиси қўйилган беморда юқори технологик лапароскопик холецистэктомия жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятнинг етакчи тиббиёт мутахассисларининг ҳудудларга ташрифи беморлар саломатлигини тиклаш ва даволаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири