Тажрибали мутахассис нега суднинг қора курсисига ўтирди?
Фалокат оёқ остида... Ҳаёт кутилмаган тасодифларга тўла.
Фалокат оёқ остида... Ҳаёт кутилмаган тасодифларга тўла. Эҳтиётсизлик ва ҳалокат, аниқроғи, эътиборсизлик гоҳида инсон ҳаётига хавф солиши, гоҳида эса унинг умрига зомин бўлиши ҳам мумкин.
Қайрат Назаровга ҳам ана шу эътиборсизлик панд берди ва қимматга тушди. Энг ачинарлиси, ана шу фалокат бир инсоннинг умрига нуқта қўйди.
“Навоийазот“ акциядорлик жамиятининг 120-цехи устаси Қайрат Назаров Қозоғистонда туғилган, олий маълумотли яхши мутахассислардан, ҳурмат-эътиборга эга бўлган тажрибали мастер.
Хўш, обрў-эътиборли, ўз касбининг билимдони, устаси бўлган Қ. Назаров нега суднинг қора курсисига ўтирди?
Ўтган йилнинг 21 ноябрь куни “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг 120-цехи дурадгори С. Ботиров бинонинг том қисмига чиқиб-тушишда кабелни монтаж қилишда фойдаланиладиган мосламадан нарвон сифатида фойдаланиб, баландликдан пастга тушиб кетиб, бахтсиз ҳодиса содир бўлган.
Навоий вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясининг хулосасига кўра, цех мастери Қ. Назаров томонидан фармойиш-рухсатномага ишни хавфсиз олиб бориш бўйича чора-тадбирларнинг тўлиқ киритилмаганлиги, иш жойи тўғри ташкиллаштирмаганлиги, ишга оид махсус йўриқномалар талабларини қўпол равишда бузилиши оқибатида бу фожиа содир бўлган.
Натижада С. Ботиров РСТЭИАМ Навоий филиалининг судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра оғир тан жароҳати олиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.
Суд мажлисида Қ. Назаров айбига иқрорлик билдириб, салкам 30 йилдан буён “Навоийазот” акциядорлик жамиятида турли лавозимларда, 1998 йилдан буён эса корхонанинг 120-цехида уста лавозимида ишлаб келишини, унинг хизмат вазифасига қўл остидаги ишчиларни ўз вақтида ишга келиб- кетишини назорат қилиш, иш бошлашдан олдин ишчиларга керакли йўриқномалар бериш, фармойиш-рухсатнома тўлдириш ва бошқа вазифалар киришини тан олди.
Афсуски, у 904-бино томини таъмирлаётган жойдан кетишидан олдин, уста О. Каримовга ишчиларни назорат қилишни алоҳида тайинлаган бўлишига қарамасдан шу куни соат 09:30ларда мазкур бинода ишлаётган С. Ботиров нарвондан тушиб кетган.
Бу бахтсиз ҳодиса Қ. Назаровнинг айби, унинг техник хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя этилишини бузиши ҳамда фармойиш-рухсатномага ишни хавфсиз олиб бориш бўйича чора-тадбирларнинг тўлиқ киритилмаганлиги оқибатида содир бўлган.
Суд Жиноят кодексининг 55-моддасига кўра судланувчи Қ. Назаровнинг айбига иқрорлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, унинг оилавий шароитини, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар туркумига киришини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, ЖКнинг 45-моддаси тартибида 1 йил 6 ой муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, иш ҳақининг 10 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини “Навоийазот” акциядорлик жамиятида ўташ белгиланди.
Оддий эътиборсизлик инсонга жуда катта моддий ҳамда маънавий зарар етказиши мумкинлигини кўпчилик жуда кеч англайди.
Суннатжон БОЛТАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси.
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист