Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Шаймон бобо” фермер хўжалиги раҳбари Йўлдош Шайманов фермерликда янгича ёндашув ҳамда замонавий хўжалик юритиш модели орқали юксак натижаларга эришмоқда.
Мазкур хўжалик 108 гектар ер майдонининг 63 гектарига бошоқли дон экинлари экиб, ҳар гектардан ўртача 105 центнер ҳосил олди. Бу минтақа учун юқори кўрсаткич ҳисобланади. Айни вақтда ғалладан бўшаган ерда такрорий экин экилмоқда. Эътиборлиси бу ер хўжаликнинг 24 нафар ишчиси ва кам таъминланган оилалар ўртасида тенг тақсимланди. Ушбу майдонларда мош, тариқ ва бошқа озиқ-овқат экинлари экилиб, аҳоли бандлиги таъминланди ҳамда озиқ-овқат захираси яратилди.
– Биз фаолиятимизни Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги қарори асосида ташкил этиб, нафақат асосий экин майдонларидан, балки дала четларидан ҳам самарали фойдаланишни йўлга қўйдик, – дейди “Шаймон бобо” фермер хўжалиги раҳбари Йўлдош Шайманов. – Ҳозирда 2,4 гектар майдонга 4300 дан ортиқ мева ва манзарали кўчатлар экилди. Хўжалик ишчилари учун кундалик овқат тайёрлашда фойдаланиш мақсадида помидор, бақлажон, ошқовоқ, картошка, ловия ва мош каби экинлар ҳам етиштирилмоқда.
Йўлдош Шайманов барча фермерларга мурожаат қилиб, “Ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш – бу нафақат иқтисод, балки юртга хизмат ҳамдир. Дала четларини самарали ишлатинг, натижасини ўзингиз кўрасиз” дея тавсия бермоқда. Унинг сўзларига кўра, бу нафақат иқтисодий фойда беради, балки янги иш ўринлари яратади, қишлоқ аҳолисининг турмуш сифатини яхшилайди ҳамда маҳаллий озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Шаймон бобо” фермер хўжалиги тажрибаси – Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишнинг амалий намунасидир. Ушбу ёндашувни оммалаштириш орқали фермер хўжаликларининг имкониятлари янада кенгаяди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА