Голубика дунё бозоридаги энг қиммат резавор ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур резаворни етиштириш ҳажмини ошириш Ўзбекистон иқтисодиётига фақат фойда олиб келади.
Айни кунларда Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов ва Беларусь Республикасининг резавор мевалар етиштириш бўйича “Ягодка” фермер хўжалиги раҳбари Андрей Костюков ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда голубика етиштиришни илмий асосда ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шуҳрат Отажонов ўз навбатида, бу йўналишда Ўзбекистонда катта имкониятлар мавжудлиги ва ҳамкорликда амалга ошириладиган ушбу лойиҳа ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини қайд этди.
Мулоқот якунида “Ягодка” фермер хўжалиги билан ҳамкорлик шартномаси ва лойиҳани амалга ошириш борасидаги “Йўл харитаси” имзоланди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Тошкент вилоятидаги 10 гектардан зиёд ер майдонида голубика етиштирилмоқда. Уларни Хитой, Гонконг, Сингапур, Малайзия, Вьетнам каби давлатларга экспорт қилиш мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА