Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тажриба алмашиш самарадорлиги янада ошади
15:14 / 2023-11-03

Тошкентда жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари 5-юбилей Ўзбекистон Халқаро кон-металлургия форуми ўтказилди. Унда юртимиз ва халқаро миқёсда кон-металлургия секторини ривожлантириш истиқболлари, тармоқ олдида турган муаммолар ва уларни бартараф этиш стратегиялари, маҳаллий кон саноатини ўзгартириш масалалари, технологик инновацияларни жорий этиш, турли хил конларни қазиб олиш тажрибаси каби масалалар ҳам муҳокама этилди.

Шунингдек, халқаро анжуманда захираларнинг ўсишини таъминлаш учун янги конларни қидириш ва бу ишлар учун илғор технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш учун қулай муҳит яратиш, рангли, қора, радиоактив ва ноёб металлар металлургиясининг салоҳиятини ривожлантириш каби муҳим стратегик мақсадларни амалга ошириш йўлларига алоҳида эътибор қаратилди. Форум доирасида ўтказилган “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик – MiningMetals Uzbekistan – 2023” 17-халқаро кўргазмасида тоғ-кон саноати машиналари, ускуналари ва технологиялари, кон бойитиш комбинатлари, шахталарида хавфсизликни таъминлаш ечимлари, металлсозлик ва металлургия учун илғор дастурий таъминотлар, хизматлар намойиш этилди.

Ушбу халқаро форум ва кўргазмада Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг масъуллари ва мутахассислари фаол иштирок этди.

– Форумда иштирок этган хорижий муҳандислик компаниялари ўзларининг энг илғор ютуқларини Олмалиқ шароитида комбинатда жорий этишни истайди, – деди Олмалиқ кон-металлургия комбинати бош муҳандисининг технологиялари бўйича ўринбосари, форум спикери Абдуқаҳҳор Сайназаров. – Масалан, форумда саноат хавфсизлиги бўйича мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланадиган Канада компанияси комбинатга қизиқиш билдирди. Шунингдек, Испания элчихонасининг саноат бўлими бошлиғи испан саноат корхоналарини, муҳандислик компанияларини жалб қилиб, Испанияда ёки Ўзбекистонда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида учрашув ташкил этиш таклифини билдирди. Бундан ташқари, кўплаб хорижий компанияларнинг вакиллари ҳамкорлик юзасидан ўз таклифларини берди. Уларни тўғридан тўғри ишлаб чиқариш жараёнига таклиф этдик. Ўйлайманки, ушбу форум соҳанинг етакчи экспертлари, бизнес вакиллари, компаниялари, молия институтлари, давлат тузилмалари ва соҳа мутахассислари ўртасида конструктив мулоқот ва тажриба алмашиш учун ноёб платформа вазифасини ўтайди.

ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА