Оқолтин туманида аёллар бандлигини таъминлаш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Энг муҳими, “Аёллар дафтари”га киритилган 951 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, тадбиркорликка қизиқиш билдирган 309 нафар хотин-қизга 5 миллиард 876 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. “Сайхунобод” тажрибаси асосида 485 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорлик бўйича ўқитилди. Бу эса уларнинг келажакда мустақил иш бошлаб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшиши учун муҳим пойдевор бўлди.

Шу жараёнда тумандаги “Сардоба Textile” МЧЖнинг ўрни алоҳида. Корхонада 250 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда, уларнинг 180 нафари аёллардир. Яқин кунларда яна 50 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Корхонада асосан тикув-трикотаж буюмлари, болалар кийимлари ва махсус формалар ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотларнинг катта қисми Россия ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда.
“Аёллар дафтари” рўйхатида турган Меҳри Машраббоева ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиб, корхонада иш бошлади.
– Ишлайдиган ишинг, даромад келтирадиган юмушинг бўлмаса, роса қийин экан. Чунки буни кўп бор бошимдан ўтказганман. Энди эса ишлайдиган ишим, оилам учун наф келтирадиган меҳнатим бор. Фарзандларимнинг ўқиши, кийими учун ўз ҳиссамни қўшишим, уйимизда фаровонлик яратиш имкониятига эга бўлганимдан бахтиёрман. Корхонада иш шароитлари ҳам яхши, энг муҳими, ўрганиш ва ривожланиш имконияти мавжуд, – дейди Меҳри.

– Бу ерда иш шароити қулай. Ҳамкасблар билан нафақат бажараётган ишимиз, балки ҳаёт хурсандчиликлари ҳақида ҳам фикр алмашиб, тажриба орттиряпмиз, – дейди корхонада фаолият кўрсатаётган Дилфуза Тоирова.
– Аёлларни иш билан таъминлаш — уларнинг моддий мустақиллигини кафолатлайди, оилаларда фаровонлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди. Шу боис туманда турли соҳаларда аёллар учун иш ўринларини кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. “Сардоба Textile” мисолида кўриб турганимиздек, ишлаб чиқариш корхоналарида аёлларнинг фаол иштироки ҳам иқтисодиёт, ҳам жамият учун катта самара беради, – дейди Оқолтин тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоева.
Изчил чора-тадбирлар туфайли туманда ишсизлик муаммоси босқичма-босқич ҳал этилиб, оилаларда фаровон ҳаёт, жамиятда эса ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири