ТАЙИНЛОВ: Давлат солиқ қўмитаси раисига ўринбосар тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Дания қироллигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаётган Абдулла Абдисаламович Азизов Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Дания қироллигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаётган Абдулла Абдисаламович Азизов Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
У 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тамомлаган. Ўқиш давомида 2003 йил Япониянинг Нагоя университетида иқтисодиёт йўналишида ўқиган.
2006 йили Даниянинг Орхус университетида молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган.
Шунингдек, 2006 йилда Даниянинг Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган.
А.Азизов 2006 йилдан бугунги кунга қадар Данияда “Maersk A/S”, “DONG Energy A/S”, “Carlsberg A/S”, “Implement consulting group”, “Vestas A/S” ҳамда янги лавозимга тайинлангунга қадар “Danfoss” компаниясида Молиявий бизнес лойиҳаларини автоматлаштириш соҳасига юқори стандартларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
У йирик халқаро компанияларда IT-маслаҳатчиси, IT-ечимларни жорий қилиш лойиҳаси раҳбари, бизнес лойиҳасида ишлаб чиқариш ва стратегияларни жорий қилиш бўйича менежер маслаҳатчиси, бошқарма бошлиғи каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритиб келган.
А.Азизов Давлат солиқ қўмитасида жорий йилнинг май-август ойларида эксперт сифатида фаолият олиб борди.
Ушбу қисқа даврда Россия Федерал солиқ хизмати, Бирлашган Араб Амирлиги, Жанубий Корея, Хитой ва Жаҳон банки экспертлари билан солиқ органларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда бу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича келишувлар имзоланишига эришилди.
Азизов Абдулла Абдисаламовичнинг салоҳияти, йирик халқаро компанияларда орттирган тажрибаси, солиқ ислоҳотларини амалга оширишнинг энг муҳим босқичи – солиқ маъмурчилигининг бизнес жараёнларини автоматлаштириш, солиқ мажбуриятини масофадан бажариш ҳамда Маълумотларни қайта ишлаш марказини тубдан модернизация қилишда муҳим ўрин тутади.
ДСҚ Матбуот хизмати