Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тахтакўпирда халқаро этно-маданий фестивал ўтказилди
22:20 / 2025-11-22

Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида жойлашган “Белтов” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тах-тепа” этно қишлоғида халқаро этно-маданий фестивал ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни фестивалнинг очилиши муносабати билан табриклади.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизнинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, биринчи навбатда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, шунингдек, мавжуд ресурслар ва имкониятлардан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан нафақат шаҳар ва туман марказларида, чекка қишлоқларда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Дарҳақиқат мамлакатимизда асрлар давомида турли миллат вакиллари ягона халқ бўлиб, аҳил-иноқ яшаб, юртимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Тахтакўпир тумани марказидан 40 километр узоқда жойлашган “Белтов” овул фуқаролар йиғинида олдинлари шароит оғир эди. Президентимизнинг алоҳида эътибори билан ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, бугун чин маънода янгича қиёфага эга бўлди. Ушбу ҳудуд ёнида Боршитау тепасида барпо этилган, ўтмишимиздан дарак берувчи, миллийлигимизни ўзида мужассам этган “Тах-тепа” этно-қишлоғи ҳудудга янада ўзгача кўрк бағишламоқда.

Мазкур этно-маданий фестивалнинг айнан шу жойда ўтказилганида катта маъно бор. Чунки бу ерда қурилган 70 та қора уй юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўзлигини намоён этиб турган бўлса, қўшни қишлоқлар манзарасини ўзида мужассам этган, пахсадан курилган 16 та уй аждодларимизнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш имконини беради.

Фестиваль доирасида ташкил этилган турли тадбирлар, қардош халқларнинг миллий урф-одат ва анъаналари акс этган саҳна кўринишлари, миллий рақс ва қўшиқлар ижро этилиши, халқимизнинг миллий ўйинлари, бахши ва жировларнинг ажойиб чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди. Юксак савияда ташкил этилган фестиваль хориждан келган меҳмонлар, маҳаллий аҳолида катта таассурот қолдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т. Худайбергенов, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б. Атамкулов лар иштирок этишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА