Тахмина Икромова учун жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтмоқда
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги “Парк Олимпико” аренасида бадиий гимнастика бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг яккалик кўпкураш йўналишида булава ва тасмада машқ бажариш бўйича саралаш баҳслари якунланди.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Тахмина Икромова булавада 29.600 балл, тасмада машқ бажаришда 27.500 баллга эга чиқди. Шу тариқа, яккалик кўпкураш йўналишида жами 86.300 балл билан 4-поғонадан жой олди. Яна бир гимнастикачимиз Анастасия Саранцева эса умумий ҳисобда 82.700 балл тўплади ва19-ўринни эгаллади.

Бугун, ушбу йўналишда финал беллашувлари бўлиб ўтади. Кўпкураш финал босқичига саралаш натижаларига кўра энг яхши 18 гимнастикачи йўл олади. Улар икки гуруҳга бўлинади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “B” гуруҳида саралашда 10-18-ўринларни эгаллаган гимнастикачилар жойлашса, “A” гуруҳидан 1-9- ўрин эгалари жой олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА