Тахиатош тумани ҳокими қамоққа олинган...ми?
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг расмий муносабатида қайд этилишича, интернет саҳифаларида Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримов 100 миллион сўм пора олганлиги ҳолати бўйича унинг турмуш ўртоғи жиноят иши бўйича айбланиб, қамоққа олингани ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатилмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримов фермер хўжалиги раҳбаридан фирибгарлик йўли билан 100 миллион сўм пул олгани ҳолати бўйича ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми ва 25,211-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Жиноят иши доирасида собиқ туман ҳокими Маткаримовнинг турмуш ўртоғи айбланмаган ва қамоққа олинмаган.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан интернет тармоқларида фуқароларни шарманда қиладиган уйдирма ва бўҳтон маълумотларни тарқатиш тегишли тартибда жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида барчани расман огоҳлантирамиз.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА