Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таваккалчиликка асосланган тотализатор шохобчаси ташкил этган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилди
17:28 / 2021-03-16

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Бувайда тумани марказида таваккалчиликка асосланган тотализатор шохобчаси ташкил этилганлиги ва бу ҳақда ташқи реклама ўрнатилиб, телефон рақамларини кўрсатган ҳолда хорижий тотализаторларга пул ўтказиб бериш хизмати йўлга қўйилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тақдим этди.  

Бувайда туман ички ишлар бўлимининг ушбу масалага тезкор муносабати ва ҳолат юзасидан ўтказган тезкор суриштируви натижасида “Бувайда” маҳалла фуқаролар йиғини Гузар маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро Ғ.И. ўзига тегишли бўлган уяли алоқаларга тўлов шохобчаси олдига тотализатор хизматини тарғиб қилган реклама баннери ўрнатгани аниқланди. Олиб борилган қўшимча суриштирувлар натижасида Ғ.И. шериги “Қилотепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро А.А. билан бирга интернетдаги хорижий мамлакатларда фаолият юритувчи онлайн пул тикиб ўйналадиган ўйинлар учун фуқаролардан нақд пул олиб, ўзларининг электрон ҳисобидаги пуллардан уларнинг ҳисобларига ўтказиб бераётганлиги маълум бўлди.  

Ушбу ҳолат юзасидан фуқаролар Ғ.И. ва А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 191-моддаси 3-қисмига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, мазмунан кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судига юборилди.  

Бугун, 16 март куни Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди томонидан ушбу масала кўриб чиқилиб, фуқаролар Ғ.И. ва А.А.нинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари, яъни 1 миллион 225 минг сўмдан жарима жазоси белгиланди.  

Маълумот учун, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар мамлакатимиз қонунчилиги билан таъқиқланган. Бу тур ўйинларни ташкил этиш ва уларга ўсмирлар ва ёшларни жалб этишга кўмаклашувчи шарт-шароитларга барҳам бериш, қимор бизнесининг ривожланиши салбий оқибатларининг олдини олиш, қимор ўйинлари ташкилотчилари ва қатнашчиларининг жавобгарлигини кучайтириш ҳукуматимизнинг алоҳида эътиборидадир ва бу кўплаб тегишли қонунлар билан белгилаб қўйилган.

М. Сулаймонов, ЎзА