Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари иштирокида илмий тадқиқот ишлари бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро тажриба алмашишни янги босқичга олиб чиқиш, илмий ишлар сифатини ошириш мақсадида “ТАТУ ёш олимлари” I форуми ташкил этилди.
Форум доирасида университет ва унинг ҳудудий филиаллари ёш олимлари ва иқтидорли талабаларининг илмий маърузалари тингланди. Дастурий воситаларни яратиш, аппарат-дастурий воситаларни лойиҳалаш, сунъий интеллект, ахборот хавфсизлиги каби йўналишлар бўйича илмий муаммолар муҳокамаси ҳамда 100 дан зиёд дастурий ва аппарат-дастурий ишланмаларнинг намойиши бўлиб ўтди.

Форум якунида университет ва унинг ҳудудий филиаллари илмий муаммоларининг ечимлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Ҳамкорликда илмий ишларни бажариш бўйича истиқболли режалар, илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш ва тижоратлаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети республикада ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университет билан биргаликда унинг Қарши, Самарқанд, Урганч, Нукус, Фарғона ва Нурафшон филиалларида ҳам ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрланмоқда.
Бугунги кунда университет ва унинг филиалларида жами 26 минг 89 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА