English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таътил муддатини узайтирса бўладими?
15:50 / 2022-07-15

Ҳуқуқий муносабат

Меҳнат қонунчилигига мувофиқ, барча ходимларга, жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Шунингдек, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади.

Қандай ҳолларда таътилни узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш мумкин? Ушбу саволга Тошкент давлат юридик университети ходими, ҳуқуқшунос Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди. 

– Меҳнат кодексининг 145-моддасига кўра, ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар, – дейди М.Шамсиддинов. – Хусусан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида, ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда, йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда, давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса. 

– Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиқса, масала қандай ҳал этилади? 

– Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади. 

Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт. Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади. 

Эслатма! Меҳнат кодексининг 146-моддасига биноан ходимнинг хоҳишига кўра, унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг бир қисми ўн икки иш кунидан кам бўлмаслиги лозим. 

Гулноза Бобоева, ЎзА