French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таътил – 2021: “Зомин” оромгоҳида болалар мароқли ҳордиқ чиқармоқда
18:50 / 2021-06-19

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг мавсум олдидан тўла таъмирланган “Зомин” ўқувчилар ёзги соғломлаштириш оромгоҳи 140 нафар ўғил-қизни қабул қилди.

Туркистон тоғ тизмаси хушманзара бағрида 1982 йилда барпо этилган ушбу оромгоғнинг бино ва иншоотлари ўтган даврда бирмунча эскирган эди. Шунинг учун манзилли дастур асосида оромгоҳда катта ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Муассасада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари давомида эски павильонлар ўрнида янги ётоқхона биноси қурилди. Ётоқхонанинг санитария ва гигиена талабларига тўлиқ мос келувчи кенг, шинам ва ёруғ хоналари доимий иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган. Замон талабларига мос ошхонада эса, ҳар бир бола бутун дам олиш даврида фақат ўзи учун ажратилган ўринда тановул қилиши кўзда тутилган.  

Оромгоҳнинг маънавият ва маърифат хонасида 500 дан ортиқ бадиий ва ўқув адабиётлари жамланган. Дам олувчиларнинг футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт турлари билан шуғулланишлари учун шарт-шароит мавжуд.

Оромгоҳнинг очилишида вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбир иштирокчилари оромгоҳда амалга оширилган ишлар билан танишиб, муассасада ўқувчиларнинг ёзги таътилни кўнгилли ўтказишлари учун яхши тайёргарлик кўрилганлигини эътироф этди.

— Ўқувчилар оромгоҳда 12 кунлик дам олиш даврини мароқли ўтказиши учун барча шароитлар яратилган, — дейди “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳи бош етакчиси Элбекжон Баракаев. — Оромгоҳда инглиз, рус ва корейс тилларини ўрганиш, менталь арифметикани ўзлаштириш, тасвирий санъат ва бадиий ижодга ундовчи тўгараклар фаолият кўрсатади. Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси асосида ишлаб дастур бўйича ўқувчиларни маънавий ва жисмоний фаолликка ундовчи турли қизиқарли, мусобақалар, интерфаол тадбирлар уюштирамиз.

Мавсум бошланишидан олдин оромгоҳ жамоасининг барча аъзолари – бу ерга келадиган болалар, педагоглардан тортиб, хизмат кўрсатиш тизими вакилларигача тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, ковидни аниқловчи ПЗР тест топширди. Оромгоҳнинг ўзида малакали тиббий хизмат йўлга қўйилган.

Вилоят ички ишлар органлари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси томонидан оромгоҳ йўлланмаларини арзонлаштириш чоралари кўрилиб, она-оналарга енгиллик яратилди. Йўлланма нархининг 47,5 фоизи вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, 25 фоизи эса, вилоят ички ишлар органлари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси ҳисобидан тўлаб берилмоқда.

Оромгоҳда ёзги таътил даврида уч босқичда жами 420 нафар ўқувчининг ҳордиқ чиқариб соғломлаштирилиши режалаштирилган.

[gallery-2855]

Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА