Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таътил– 2021: Сирдарёлик ўғил-қизлар учун ёзги оромгоҳлар шай
19:30 / 2021-06-19

Сирдарё вилоятидаги “Янгиер” санаторийсида жойлашган ёзги болалар оромгоҳининг тантаналаи очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ва Янгиер шаҳар ҳокимликлари, вилоят касаба уюшмалари, вилоят халқ таълими бошқармаси ва унинг туман бўлими, Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” раҳбар ва ходимлари, ушбу оромгоҳда 1-босқичда дам олувчи 110 нафар мактаб ўқувчиси ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Мамлакатимизда болажонларнинг етук таълим-тарбия олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ва ёзги дам олиш мавсумида кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари учун ҳукуматимиз томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

– Сирдарёлик ўғил-қизларни жорий ёзги дам олиш мавсумида Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Зомин” ҳамда ушбу “Янгиер” санаторийсида очилган болалар ёзги дам олиш оромгоҳларида ҳордиқ чиқаришларини режалаштирганмиз, – дейди Сирдарё вилоят касаба уюшмалари раиси Рустам Турсунмурадов. – Ҳар иккала оромгоҳда болаларимизнинг дам олиши 5 босқичда амалга оширилади. “Зомин” оромгоҳида 5 босқичда 1 минг 250 нафар, “Янгиер” санаторийси қошидаги оромгоҳимизда 5 босқичда 720 нафар ўқувчи ҳордиқ чиқаради. Ҳар иккала оромгоҳимизда ҳам фарзандларимизни кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар тўлиқ яратилган.

Тадбирда иштирок этган вилоят туризм ва спорт бошқармаси томонидан ушбу оромгоҳда дам олувчи болажонлар учун 15 турдаги спорт жиҳозлари бтақдим этилди.

Оромгоҳда дам олаётган болажонлар учун турли хил томошалар, концерт дастури ва спорт чиқишлари намойиш этилди.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат) ЎзА