English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Татаристонлик кардиологлар амалиётлар ўтказди
22:04 / 2023-12-05

Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар ривожланиб бормоқда. Айниқса, сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик тиббиёт соҳасида ҳам тобора фаоллашаётгани таҳсинга лойиқ. 

Шу йилнинг октябрь ойида Қозон шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликнинг учинчи форуми доирасида икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари билан келишувларга эришилганди.  

Айни шунга мувофиқ мамлакатимиз бўйлаб Татаристон тиббиёти кунлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Татаристон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бошчилигида етакчи тиббиёт марказларининг моҳир мутахассислари кардиология, урология, гинекология, онкология, офтальмология каби йўналишлар бўйича малакали профессор-олимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро билим ва тажриба алмашди.  

Қувонарлиси, тиббиёт кунларида ташкил этилган хайрли акция натижасида оғир хасталиклардан азият чекаётган, мураккаб операцияларга муҳтож беморларда юқори технологик амалиётлар ўтказилди. Жумладан, Татаристон автоном соғлиқни сақлаш муассасасининг Минтақалараро клиник-диагностика маркази кардиожарроҳи Артур Закирянов, Республика болалар клиник касалхонаси кардиожарроҳи Денис Петришенко Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида бўлди.  

– Татаристонлик ҳамкасблар иштирокида маҳорат дарслари, илмий-амалий семинарлар, тиббий кўрик, юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари олиб борилди, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – Хусусан, акция доирасида ўпка артерияси тромбоз эмболияси билан оғриган катта ёшли бемор ва юрак қоринчалараро тўсиқда кўплаб нуқсонлар ва ўпка артериясида стенозлари бўлган 12 ёшли болада ноёб операция муваффақиятли бажарилди.  

Ташрифнинг яна бир амалий ютуғи шундаки, Наманган ва татаристонлик кардиологлар ўртасида ўзаро илмий-амалий, малакавий ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири