Татаристондаги журналда Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди
Россия Федерациянинг Татаристон республикасида чоп этиладиган “Наш дом – Татарстан” журналининг 2019 йил, сентябрь (№5) сонида Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги бош консули Фаридун Насриев билан суҳбат эълон қилинди.
Россия Федерациянинг Татаристон республикасида чоп этиладиган “Наш дом – Татарстан” журналининг 2019 йил, сентябрь (№5) сонида Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги бош консули Фаридун Насриев билан суҳбат эълон қилинди.
Фаридун Насриевнинг ўзбек анъаларининг асосини меҳмондўстлик, кексаларни ҳурмат қилиш ва жамоавийлик ташкил этади, деган фикри сарлавҳа сифатида танланган мазкур суҳбат давомида кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия муносабатларида янги давр бошлангани қайд этилади.
Бош консул икки давлат раҳбарлари томонидан амалга оширилган ташрифлар чоғида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини кенг кўламда йўлга қўйиш юзасидан муҳим келишувларга эришилганини таъкидлайди. Жумладан, бу алоқаларда Татаристон ҳам муҳим рол ўйнаётгани эътироф этилади.
Икки томонлама ҳамкорлик кўламининг кенгайиши натижасида 2018 йилда Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги товар айланмаси 57 фоизга ўсиб, 146 миллион доллардан ошди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг Волгабўйи федерал округи ҳудудидаги 14 минтақа ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, саноат кооперациясини янада ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш консуллик фаолиятининг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилади.
Шунингдек, мазкур ҳудудда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳам Қозон консуллигининг асосий вазифаси сифатида қайд этилган.
Фаридун Насриев журналистнинг ўзбекларга хос тарихий анъана ва қадриятлар, миллий таомлар, Самарқанд ва у билан боғлиқ ривоятлар, дунёга машҳур Самарқанд нонлари ҳақидаги саволларига ҳам батафсил жавоб берган.