Татаристондаги форумда Қашқадарё ҳокими коммунал соҳа билан қизиқди
Айни кунларда Россия Федерацияси Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлиги бўйича III форум бўлиб ўтмоқда. Унда республикамизнинг бир нечта ҳудудлари қаторида Қашқадарё вилояти делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Форум Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида икки давлат ишбилармонлар иштирокида ўтказилмоқда.

Ташриф давомида вилоят ҳокими М. Азимов бир қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Ҳоким хусусий уй-жой бошқаруви компанияси фаолияти билан қизиқди. Қозон шаҳридаги “ART City” хусусий уй-жойларни бошқариш компанияси раҳбарлари билан учрашув ўтказилиб, уй-жойларни тартибли ва самарали бошқаришда компаниянинг замонавий ёндашувлари юзасидан тақдимот ўтказилди.

Маълумот учун: ушбу компания 30 мингта хонадонга “ақлли хонадон” (коммунал, хавфсизлик, хизмат кўрсатиш, аҳоли ҳамда автомашиналарга шарт-шароитлар ва ҳ.к.) тамойили асосида хизмат кўрсатади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири