Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари доирасида Жиззах вилоятига ташриф буюрган Татаристон соғлиқни сақлаш вазири Марсель Минуллин бошчилигидаги делегация дастлаб Қозон федерал университетининг Жиззах филиали фаолияти билан яқиндан танишди.
Ушбу олий таълим муассасаси Президентимизнинг 2021 йил 28 августдаги “Жиззах шаҳрида “Қозон (Волга бўйи) федерал университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган бўлиб, ҳозир олий таълим муассасасида 650 нафардан зиёд талаба 11 бакалавриат таълим йўналиши бўйича таҳсил олмоқда.
Татаристон соғлиқни сақлаш вазири Марсель Миннулин ушбу олий ўқув юртида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди, талабалар билан суҳбатлашиб, ёшларнинг шижоати, илм олишга бўлган интилишидан мамнунлигини билдирди ва келгуси ўқишларида омад тилади.
[gallery-14693]
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев Татаристон соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда вилоят тиббиёт муассасалари ҳамда Татаристоннинг нуфузли клиника ва тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар ҳокимлик ҳудудида ёшлар учун ташкил этилган “IT Park”, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда иқтидорли ўғил-қизлар учун яратилган шароитлар делегация аъзоларида чуқур таассурот қолдирди.
Татаристонлик нуфузли меҳмонлар Жиззах вилояти кўптармоқли тиббиёт марказининг янги қурилаётган биносида бўлиб, 270 ўринга мўлжалланган марказнинг қабул ва жарроҳлик бўлимлари лойиҳаларини кўздан кечирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари