Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Дастлаб меҳмонлар Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳига ташриф буюрди. Таомилга кўра, Қуръон тиловат қилинди.
Шу куни Татаристон Республикаси Туризм давлат қўмитаси раиси Сергей Иванов Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Учрашув давомида зиёрат туризми ва гастрономик туризм бўйича ҳамкорлик истиқболлари, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ҳамкорликни фаоллаштириш, тарғиботни кучайтириш, шунингдек, Қозон шаҳридан чартер рейслар ташкил этиш орқали сайёҳларнинг Бухорога келиши каби қатор масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий соҳаларда халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларни амалга оширишни назарда тутувчи қўшма лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш учун кенг имкониятлар мавжуд экани алоҳида таъкидланди. Сергей Иванов Бухоро ва Қозон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, айниқса, туризм алоқаларини янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, бу ишда ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида Ботир Зарипов ҳам бу борада яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.
“Sahid Zarafshon” меҳмонхонасида Татаристоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ҳамда маҳаллий туризм соҳаси ва ОАВ вакиллари иштирокида учрашув бўлди.
Шунингдек, ташриф дастуридан вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси вакиллари билан учрашув ва “Туристик полиция” хизматига доир тақдимот ўрин олган.Бундан ташқари, меҳмонлар Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ва бошқа диққатга сазовор жойларига ташриф буюради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА