Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов Сурхондарё вилоятига келди.
Меҳмонни Термиз халқаро аэропортида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов кутиб олди.


Рустам Минниханов сафарини Ислом оламининг буюк алломаси Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади.

Сафар чоғида мартабали меҳмон аграр соҳа ривожланган жанубдаги воҳанинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий салоҳияти билан танишади. “Айритом” эркин савдо зонаси ҳамда “Termez National Carpets” масъулияти чекланган жамиятининг гилам ишлаб чиқариш корхонасида бўлади. “Лето” масъулияти чекланган жамиятининг иссиқхона ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш лойиҳаси, Ангор туманидаги Баҳор маҳалласида томорқа хўжалигини бошқариш тажрибасини кўздан кечиради.


Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш юзасидан музокара ўтказади. Вилоятнинг тарихий ва диққатга сазовор жойлари билан танишиш ҳам режалаштирилган.
Татаристон Республикаси Раисининг Сурхондарё вилоятига сафари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири