Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида давом этаётган “Tata Steel Chess-2026” турнири 9-тури доирасидаги Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров баҳси кўпчилик эътиборида бўлди.
Айтиш лозим, болаликдан бир-бири билан рақобатлашиб вояга етган шахматчиларимизнинг кейинги йилларда халқаро мусобақалардаги тўқнашуви классик шахматнинг энг жозибали кўринишини тақдим этмоқда.
Кузатувлар шуни кўрсатадики, Нодирбек учун Жавоҳир доимо ноқулай рақиб бўлиб келган. Умумий ҳисоб, партиялар ва барча статистикаларда ҳам бу ўз аксини топган.

9-турда Синдоров оқ доналарда ҳаракатлангани Нодирбекни бироз саросимага солди. Лекин дунёнинг манаман деган гроссмейстерларини доғда қолдирган Абдусатторов бу сафар жаҳон кубоги ғолибига муносиб қаршилик кўрсатди. Очиқ ўтган ўйиннинг 40-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлашди.

Айнан ушбу дуранг қайсидир маънода Нодирбекнинг турнирни ғалаба билан якунлашига пойдевор яратиши билан бирга, Синдоров учун ҳам имкониятлар эшиги ҳали очиқлигига ишора бераётгандек.
Мазкур турнинг қолган баҳсларида турнир етакчилиги йўлида ҳамюртларимизни таъқиб этаётган туркиялик Ягиз Хан Эрдогмус қора доналарда Чехия вакили Тай Дай Ван Нгуенни, нидерландиялик Жорден ван Форест оқ доналарда Винсент Кеймерни мағлуб этди. Америкалик Ханс Ниманн ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан дуранг ўйнади.

Бугун, 28 январь куни ўтадиган 10 турда Нодирбек Абдусатторов словениялик Владимир Федосеев, Жавоҳир Синдоров Жорден ван Форест қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Ўнинчи тур остонасида Абдусатторов 6 очко билан "Мастерс" гуруҳида якка пешқадамга айланган бўлса, Жавоҳир Синдоров 5,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 2-ўринни эгаллаб турибди. Кейинги поғоналарда жойлашган Жорден ван Форест ва Ягиз Хан Эрдогмус ҳисобида ҳам 5,5 очко мавжуд.

13 та турдан иборат мусобақа 1 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА