Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида дунё шахмат ишқибозлари эътиборидаги “Tata Steel Chess-2026” турнирининг "Мастерс" гуруҳи баҳслари юқори нуқтасига тобора яқинлашмоқда.
14 нафар гроссмейстер иштирокидаги муросасиз баҳсларда ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров бош совринга даъвогарлик қилмоқда.
Кеча поёнига етган 7-тур мусобақасида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Винсент Кеймер билан куч синашди ва ҳамюртимизнинг устунлигида кечган ўйиннинг 41 юришида германиялик гроссмейстер мағлубиятини тан олди.
Ушбу ғалабадан сўнг Абдусатторов 5,5 очко билан турнир жадвалида етакчиликни мустаҳкамлаб олишга муваффақ бўлди.

Қизиқарли жиҳати, мазкур турнирнинг 2023 йилги баҳсида Нодирбек 7 турдан кейин 5,5 очко, 2024 йилда 4,5 ва 2025 йилда 5 очко жамғарганди. Мазкур кўрсаткичлар Абдусатторов Вейк-ан-Зее мусобақасида ҳамиша барқарор ва юқори кўрсаткичларни қайд этиб келаётганидан далолат.
Яна бир эътиборга молик воқелик шуки, Абдусатторов 7-турдаги ғалабасидан кейин FIDEнинг LIVE рейтинг жадвалида 5-ўринга кўтарилишга эришди.

Ортда қолган 7-турда истеъдодли шахматчимиз бу йилги даъвогарлар турнири иштирокчиси Жавоҳир Синдоров америкалик Ханс Ниманнга қарши дона сурди. Ўйиннинг 84-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлади.
Бугун, 25 январь куни ўтказиладиган 8-тур баҳсларида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда нидерландиялик Аниш Гири билан, Жавоҳир Синдоров қора доналарда Винсент Кеймер билан тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, турнирнинг қолган 9-13-турларида Абдусатторов Синдоров, Владимир Федосеев, Жорден ван Форест, Маттиас Блюбаум, Аржун Эригаиси билан, Синдоров эса Абдусатторов, Жорден ван Форест, Аржун Эригаиси, Праггнанандха, Тай Дай Ван Нгуен билан куч синашади.
Гроссмейстерларимиз Абдусатторов ва Синдоров қарама-қаршилигидаги ўйин 27 январь куни ўтадиган 9-турда рўй беради.
Т.Рўзиев, ЎзА