Мамлакатимизнинг етакчи шахматчилари Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров яна беш кундан сўнг Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида бошланадиган анъанавий “Tata Steel Chess -2026” турнирида иштирок этади.
88-бор ташкил этиладиган бу йилги турнирнинг “Masters” гуруҳида энг кучли шахматчилар қаторида Абдусатторов ва Синдоров қатнашиши эътиборли воқелик.
Хўш, “Masters” гуруҳида ҳамюртларимизга бу йилги баҳсларда кимлар рақобат кўрсатади? Ўтган йилги мусобақада 3-ўринни эгаллаган Абдусатторов янги мавсумдаги турнирда натижасини яхшилай оладими?

Иштирокчилар таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, 14 нафар қатнашчи орасида “Tata Steel Chess-2025” ғолиби Праггнанандха Рамешбабу, Аржун Эригаиси, Аниш Гири, Винсент Каймер, Гукеш Доммаражу, Ханс Ниманн, Владимир Федосеев, Аравинд Читхамбарам, Жорден ван Форест, Маттиас Блюбаум, Тай Дай Ван Нгуен, Ягиз Хаан Эрдогмус Жавоҳир ва Нодирбекка рақобат кўрсатиши белгиланган.
2025 йил Вейк-ан-Зееда ўтган 87-Tata Steel Chess мусобақасида 8,5 очко жамғарган Праггнанандха тай-брекда жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуни мағлуб этиб, ғолибликни тантана қилган эди. Нодирбек Абдусатторов 8 очко билан 3-ўринни эгаллаган.

Иштирокчилар мундарижаси ҳам рақобат ўтган йилларга нисбатан янада кучли кечишини кўрсатиб турибди.
Бу йилги илк халқаро мусобақада Аржун Эригаиси, Аниш Гири, Винсент Каймер, Гукеш Доммаражу, Владимир Федосеев, Маттиас Блюбаум, Ягиз Хаан Эрдогмуслар билан баҳсга Абдусатторовнинг ёлғиз эмаслиги, улар қаторига Синдоровнинг қўшилиши ўзбек шахматчиларининг муваффақиятга эришиш имконияти янада кенгайганидан далолат, дейиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, “Tata Steel Chess - 2026” турнири 13 та турдан иборат бўлиб, 17 январь – 1 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА