Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Tata Steel Chess-2026": Абдусатторов-Синдоров тўқнашуви қачон рўй беради?
11:01 / 2026-01-21

Бугун, 21 январь куни Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида анъанавий тарзда ўтаётган “Tata Steel Chess-2026” турнири “Мастерс" гуруҳида 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Унда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ўзи сингари 3 очко билан турнирда қўшимча кўрсаткичлар эвазига пешқадамлик қилаётган америкалик Ханс Ниманнга, Жавоҳир Синдоров оқ доналарда туркиялик 14 ёшли гроссмейстер Ягиз Хаан Эрдогмусга рўбарў келади.

Кеча ўтган 4-тур баҳсларида Абдусатторов оқ доналарда чехиялик Тай Дай Ван Нгуэнни, Синдоров эса қора доналарда германиялик Маттиас Блюбаумни мағлуб этди.

5-тур ўйинлари остонасида Нодирбек 3 очко билан иккинчи, Жавоҳир эса 2,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра учинчи ўринни банд этиб турибди.

Айтиш лозим, 1 февралга қадар давом этадиган мусобақаларнинг қолган турларида Абдусатторов амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу, Винсент Кеймер, Аниш Гири, Владимир Федосеев, Жорден ван Форест, Маттиас Блюбаум, Аржун Эригаиси билан, Синдоров эса Аравинд Читхамбарам, Ханс Ниманн, Винсент Каймер, Жорден ван Форест, Аржун Эригаиси, Праггнанандха, Тай Дай Ван Нгуен билан куч синашади.

Халқаро шахмат оламида ўзига хос “гигант гроссмейстерлар” даражасига кўтарилган Абдусатторов ва Синдоровнинг ушбу мусобақадаги тўқнашуви 27 январь куни ўтадиган 9-турда рўй беради.

Кўриниб турибдики, Вейк-ан-Зееда кечаётган шиддатли “ақл жанглари”нинг энг қизиқарли баҳслари ҳали олдинда.

Т.Рўзиев,

ЎзА