Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Tata Steel Chess-2025” турнирининг ғолиблигига ким кўпроқ ҳақли?
14:47 / 2025-02-02

Бугун, 2 февраль куни Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Tata Steel Chess-2025” турнирининг сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Хўш, Халқаро шахмат федерацияси рейтингига муҳим балларни тақдим этадиган мазкур нуфузли мусобақанинг ғолиби бўлишга қайси шахматчи кўпроқ ҳақли? Турнирнинг ўтган йилги ғолиби ва жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуми, бу галги ўйинларда ўз ирода ва иқтидорини намойиш этаётган Прагнанандхами ёки Нодирбек Абдусатторовми?

Кеча ортда қолган 12-тур баҳсларида кутилган ва кутилмаган натижалар қайд этилди. 

“Мастерс” гуруҳида етакчиликка асосий даъвогар Гукеш Доммаражу ушбу турда қора доналарда нидерландиялик Йорден ван Форест билан куч синашиб, дурангга эришди.

Амалдаги жаҳон чемпионининг очко йўқотишидан унумли фойдаланган ҳамюрти Рамешбабу Прагнанандха оқ доналарда сербиялик Алексей Саранани мағлуб этди ва ғолибликка асосий номзоддан бирига айланиб олди.

Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовнинг 12-турда қора доналарда ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан ўтказган ўйини унинг ғолиблик йўлидаги имкониятларини анча пасайтириб юборди.

Айтиш лозим, Нодирбек рақибини мағлуб этишга яқин бўлган ҳолатда кутилмаганда кетма-кет қўпол хатоларга йўл қўйиши оқибатида ғолибликка номзодлар қаторидан деярли тушиб кетди.  

Ҳамюртимизнинг “Tata Steel Chess-2025” ғолиби бўлиши учун охирги турда Гукеш ва Прагнанандха мағлубиятга учраши, Абдусатторов ғалаба қозониши керак бўлади.

Мазкур турда шунингдек, асли россиялик, ҳозирда Словения шарафини ҳимоя қилаётган Владимир Федосеев қора доналарда нидерландиялик Макс Вармердамни таслим этган бўлса, Вэй И – Аниш Гири, ПенталаХарикришна – Винсент Кеймер, Леон Люк Мендонка – Фабиано Каруана учрашувларида муроса йўли танланди.

13-тур остонасида Гукеш Доммаражу ва Рамешбабу Прагнанандха 8,5 очко билан етакчилик қилмоқда.  

Нодирбек Абдусатторов 7,5 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. Владимир Федосеев 7 очко билан 4-ўринда бораётган вазиятда хитойлик Вэй И ва нидерландиялик Аниш Гири 6,5 очко жамғарган ҳолда 5-6-поғоналарни банд этган.

Бугун ўтказиладиган сўнгги 13-турда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов мусобақада 6 очко жамғариб 8-қатордан жой олган ҳиндистонлик Пентала Харикришна билан куч синашади.

Сўнгги турда Гукеш Доммаражу – Аржун Эригайси, Винсент Кеймер –Рамешбабу Праггнанандха, Аниш Гири – Йорден ван Форест, Владимир Федосеев – Вэй И, Фабиано Каруана – Макс Вармердам, Алексей Сарана – Леон Люк Мендонка ўйинлари бўлиб ўтади.

“Челленжер“ гуруҳида дона сураётган ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 12-турда оқ доналарда турнир жадвалида 5 очко билан 11-қаторда бораётган нидерландиялик Артур Пейперсни мағлуб этди. Ушбу ғалаба туфайли Ёқуббоев 7 очкога эга бўлган ҳолда қўшимча кўрсаткичлар туфайли 5-ўринга кўтарилиб олди.

Бугун ўтадиган 13-турда Нодирбек Ёқуббоев хитойлик Лу Мяоига рўбарў келади. Ҳамюртимиз қора, рақиби оқ доналарда ҳаракатланади.

Т.Рўзиев, ЎзА