Ўзбекистон халқ рассоми, профессор, Бадиий академияси академиги, давлат мукофотлари лауреати, буюк аждодларимизнинг мукаммал сиймолари ва замондошларимиз портретларини яратган ўзбек рангтасвирининг етук намоёндаси Малик Набиевнинг миллий рангтасвиримиз ривожидаги ҳиссаси беқиёсдир.
Рассом Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Райҳон Беруний, Спитамен, Фитрат, Усмон Носир, Абдулла Қодирий сиймолари акс эттирилган тасвирий санъат портретлари билан барчага таниш.
Ўзбекистон Бадиий академиясида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон тасвирий санъати ривожида Малик Набиев ижодининг ўрни ва аҳамияти” мавзуида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференцияни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, академик Акмал Нуриддинов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев кириш сўзлари билан очиб берар экан, Малик Набиев нафақат рассом, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдирганини таъкидлади.
Конференцияда Малик Набиевнинг шогирдлари, устоз билан бевосита мулоқотда бўлган рассомлар, ижодини ўрганган санъатшунос мутахассислар маърузалари атрофлича муҳокама этилди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти кафедра профессори, Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худойберганов Малик Набиев билан боғлиқ хотираларини сўзлаб берди.
Маълумки Малик Набиев 1955 йилдан бошлаб умрининг сўнггигача Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети “Тасвирий санъат ва чизмачилик” кафедрасида педагог, кафедра мудири лавозимларида ишлаган. Педагоглик фаолияти давомида кўплаб иқтидорли ёшларни тарбиялаб, ижод сирларини ўргатган. Анжуманда ана шундай шогирдларидан бири Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика универститети профессори, педагогика фанлари доктори Саидахбор Булатов “Устоз Малик Набиев хотираларига чизгилар” деб номланган маърузаси билан иштирок этди.
Шунингдек конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи бўлим мудири, тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов “Тарихий портретларда ҳақиқат ва талқин”, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Санъат тарихи ва назарияси кафедраси доценти, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Нигора Култашева “XX асрнинг иккинчи ярмида ижтимоий-маданий ва ғоявий кесимда Ўзбекистон рангтасвири коллекциясининг комплектация жараёни (Ўзбекистон давлат санъат музейи мисолида)”, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Азиз Шариповнинг “Амир Темур сиймоси маҳаллий ва хорижий рассомлар нигоҳида” каби маърузалари тақдим этилди.
Маърузалар ўзига хослиги билан Малик Набиевнинг ҳаёти, педагоглик фаолияти, асарларининг музей ва тўпламлардаги ўрни ва албатта ижодининг бугунги кундаги аҳамияти каби ижодкорнинг барча қирраларини қамраб олди.
Анжуман сўнгида иштирокчилар сертификат билан тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА