Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тасвирий ойина”: йил сарҳисоби ва Давлат дастури ижроси
14:55 / 2022-02-28

Ўзбекистон “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан икки кунлик кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда тарғиботчилар, ижодкорлар, вилоятда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Семинар иштирокчилари дастлаб вилоят марказидаги Шароф Рашидов хиёбонида бўлиб, давлат арбоби, ёзувчи ҳайкили пойига гулчамбарлар қўйди. Сўнг Ҳамид Олимжон ва Зулфия маскани ҳам зиёрат қилиниб, икки буюк ижодкорларнинг руҳига ҳурмат бажо келтирилди, муҳаббатга садоқат тимсоли сифатида бу ижодкорларга ўрнатилган ҳайкал пойига гуллар қўйилди.  
Иштирокчилар Жиззах шаҳри Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган халқимизни эзгулик ва тотувликка чорловчи тарғибот ишлари билан танишишди. 

Шароф Рашидов тумани “Қанғли” маҳалла фуқаролар йиғида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус тимсолида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. “Жиззах саноат зонаси” даги “Адем Жиззах” автомобиль ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводдаги жараён билан танишув тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Бу ерда йиғилаётган автомобиллар, корхонанинг қуввати, маҳаллийлаштириш режалари ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Кўргазмали семинар Шароф Рашидов туманидаги “GOLD FISH AGRO EKSPORT” балиқчилик кластерида давом эттирилиб, бу ерда балиқ боқиш ва кўпайтиришнинг усул ва воситалари, парҳезбоп маҳсулот етиштиришнинг истиқболдаги режалари, корхонадаги катта-кичик, очиқ ва ёпиқ ҳовузларда ҳамда кластернинг бевосита ташаббуси билан уй шароитида фуқаролар бандлигини таъминлаш ва ундан келадиган даромад манбаи ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Кластер қошида балиқчиликни ўргатиш мақсадида ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курслари фаолияти ўрганилди. Таҳсил олаётган ёшлар ўрганганларини амалда қўллаб кўрсатгани ҳам жуда мароқли бўлди. 

Жиззах шаҳридаги “Дўстлик уйи” да миллий маданий марказлар томонидан ташкил этилган тадбирда ижодий чиқишлар, ўзига хос миллий таомлар кўргазмаси намойиш этилди.  

[gallery-5928]

– Вилоятда 15 мингдан ортиқ руслар, яна 26 минг русийзабон халқлар, – белорус, немис, украин, латиш каби ўндан ортиқ миллат вакиллари ҳаммамиз аҳил-иноқ бўлиб, бир оиладек яшаб, меҳнат қилиб келаяпмиз, – дейди рус миллий маданий маркази раҳбари Александр Скирипкин. – Жумладан, экстремизм ва терроризм ғояларига қарши маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларни реабилитация қилиш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, соғлом эътиқод ва диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш меҳнат мигрантларининг мутаассиб оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, хотин-қизлар орасида диний мутаассибликка тушиб қолишидан ҳимоялаш сингари ишларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган 2021 йилда вилоятдаги 299 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг 274 таси экстремистик ва террористик оқимлардан ҳоли ҳудуд таркибига киритилди. 

Ёш рассомлар ўртасида ўтказилган “Биз терроризмга қаршимиз” мавзусидаги танловда диний экстримизм, терроризм, радикаллик миссионерликнинг мудҳиш оқибатларини қоралаб чизилган ва фото объективларга муҳрланган 70 дан ортиқ ижод намуналари иштирокчиларнинг эътибор ва эътирофига сазовор бўлди. Ушбу тадбир давомида танлов ғолиб, совриндор ва номинация ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Семинар давомида “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг 2021 йил –“Ёшларни қўллаб-қўвватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” да амалга оширилган ишлари ва 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да бажариладиган устувор вазифалар тўғрисида маълумот берилди. 

– “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси кўп йиллик иш фаолияти ва катта тажрибага эга ташкилотлардан бири сифатида мамлакатимиз маънавий ҳаётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда, – дейди Жиззах вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Латибжон Аҳмаджонов. – Дўстлик туманидаги “Манас” маҳалла фуқаролар йиғини, Мирзачўл туманининг Гагарин шаҳри, Пахтакор туманидаги “Олтинкўл”, Зомин ва Ғаллаорол шаҳарлари кўчалари ҳамда Жиззах шаҳрининг “Олмазор” ва Улуғбек маҳаллаларида ўрнатилган тасвирий тарғибот воситалари таъсирчан кучини намоён этмоқда. “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда ижодий уюшманинг ҳиссаси катта бўлмоқда. 

Тадбир якунида вилоят маданият бошқармасаи томонидан ташкил этилган экстремистик ва террористик оқимлар сафига кириб қолганларнинг аянчли қисмати акс эттирилган саҳна кўриниши ва концерт дастури намойиш этилди.  

А.Қаюмов,  
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА