English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташрифларда энергетика билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди
17:26 / 2023-02-06

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги ўрганишлари якунларига тўхталиб ўтилди.     

— Давлатимиз раҳбарининг Фарғона водийси вилоятларига ташрифи самарали бўлди, — деди фракция раҳбари Алишер Қодиров. — Ташрифларда энергетика билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Бутун дунёда устувор ҳисобланган «Яшил энергетика»га ўтиш билан боғлиқ масала кўтарилди. Мамлакатимизда энергетика тизимини жиддий ислоҳ қилиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди. Бунда муқобил энергия ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланиб, энди йирик корхоналар муқобил энергиядан фойдаланишга устуворлик бериши лозимлиги таъкидланди. Бу 15 миллиард кубгача газни иқтисод қилиш, миллиардлаб қўшимча қиймат ва минглаб фуқаролар учун иш ўрни дегани. Энди одамлар ўз уйига қуёш панеллари ўрнатиб, эҳтиёжидан ортиғини давлатга икки баробар қимматга сотиш бўйича таклифлар билдирилди. Одамлар ҳам энергияни исрофсиз ишлатишни ўрганиши керак. Уйларда иссиқликни асраш бўйича оддий талабларга риоя қилишимиз лозим, – деди фракция раҳбари.   

Йиғилишда депутатлар ҳам сўзга чиқиб, Президентнинг Фарғона водийси вилоятларига ташрифи мазмун-моҳияти бўйича ўз фикрларини билдирдилар. Шундан сўнг депутатлар кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилди.  

Бундан ташқари Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ўтган 2022 йилдаги фаолияти муҳокама қилинди.    

 — Ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолияти ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади, — деди депутат Умида Раҳмонова. — Комиссия 2022 йилдаги фаолияти давомида қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирлари, амалий тадбирлар ва тарғибот, халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, самарали фаолият олиб борди. Қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш комиссия фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Комиссия томонидан қонун лойиҳаларига ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини инобатга олган таклифлар бериш йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида комиссия томонидан 30 дан ортиқ қонун лойиҳалари юзасидан 60 га яқин асослантирилган таклифлар тайёрланди.     

Фракция аъзолари йиғилишда кўрилган барча масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.     

Муҳтарама Комилова, ЎзА