Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташрифдан ташрифгача: Қашқадарё вилояти иқтисодиёти юксалмоқда
08:00 / 2023-02-24

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 21-22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи вилоятдаги янги ташкил қилинган Кўкдала туманидан бошланган эди. Ташрифдан сўнг ушбу туманда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Таъкидлаш лозимки, Кўкдала туманининг ташкил этилиши бу албатта, қашқадарёликлар учун йил воқеаси бўлди. Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” эзгу ғоясининг амалдаги ифодаси, халқнинг кўнглидаги гап бўлди.

Туманни ривожлантириш учун давлат бюджетидан 3 йил ичида 2 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этилмоқда. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик сув, 80 километр электр тармоқлари қурилмоқда. 

Масалан, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташаббуси билан Кўкдала туманида “Чорвадор” нимстанцияси фойдаланишга топширилди. Илгари мазкур нимстанциясида 3200 ва 4000 кВатлик трансформаторлар атрофдаги 13 та қишлоқ аҳолисини электр энергияси билан таъминлаган. Аммо бу қувват мавжуд эҳтиёжни қондира олмаган. Айниқса, ҳудудда насослар ёрдамида ер ости сувларини чиқариш орқали деҳқончилик қилиш ривожлангандан кейин тармоқдаги қувват мавжуд талабга умуман жавоб бермай қолган. Натижада тармоқда соатлаб узилишлар юзага кела бошлаган.

 Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи чоғида белгилаб берилган топшириқларга асосан янгидан ташкил этилган Кўкдала тумани аҳолисига барқарор электр энергияси етказиб беришга доир қурилиш ишлари бошланди. Унга кўра, ҳудудда 2 та “Кўкдала” ва “Чорвадор” нимстанцияларини қуриш ва ўзаро боғлаш назарда тутилди. Мана шу топшириқлар ижроси доирасида салкам уч ой мобайнида “Чорвадор” нимстанцияси фаолият бошлади. “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ қурувчи-муҳандислари томонидан бунёд этилган қуввати 16000 ва 10000 кВа, 110/35/10 трансформатор қурилмалари ишга тушди. Нимстанцияга қадар 12 километр ҳаво электр тармоғи тортилди. Ўтган йилнинг ўзида туманда 20 дан ортиқ мактабгача таълим маскани, 2 та мактаб, 18 та маҳалла биноси, кутубхона, спорт иншоотлари фойдаланишга топширилиши туман аҳлининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун ғамхўрлик ва ҳеч кимдан кам бўлмаслиги йўлидаги улуғвор ишлардир. 

Масалан Кўкдала тумани Еттитом шаҳарчаси Олтин дала маҳалласида 120 ўринли, 7-сонли замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Ушбу маҳаллада 3 минг 800 нафар аҳоли истиқомат қилиб, мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 470 нафарни ташкил этади. Шундан атиги 50 нафари 1 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинган. Туманнинг Хўжаобод қишлоғида фойдаланишга топширилган Давлат солиқ қўмитаси ҳомийлигида бунёд этилган янги мактаб биноси ҳам мана шундай ислоҳотларнинг натижасидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Кўкдала туманида 4 та янги мактаб қуриш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берган эди. Янги ўқув йилида икки қаватли, 240 ўринга мўлжалланган ушбу таълим маскани фойдаланишга топширилган мактабларнинг биринчиси бўлди. Мазкур ҳудудда аҳоли сони кўплиги боис, 160 ўринга мўлжалланган эски мактабда ўқувчилар сони 400 нафардан ошиб кетган эди. Табиийки, ўқув хоналарининг етишмаслиги, синфда ўқувчилар сонининг меъёрдан ошиқлиги таълим сифатига салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмасди. 

[gallery-10687]

– Замонавий таълим стандартларига жавоб берадиган мазкур мактаб биноси тимсолида юртимизда таълимга берилаётган эътибор, ғамхўрликни ҳис қиляпман, – дейди мактаб директори Гўзал Жўраева. – Бундай ғамхўрлик ёшларимизда билим олишга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади. Мактаб зарур ўқув жиҳозлари, спорт анжомлари, лаборатория хоналари билан тўлиқ таъминланган. Қувонарлиси, энди мактаб ҳудудида мини футбол стадиони ҳам мавжуд. 

Таълим даргоҳида электр энергияси билан боғлиқ муаммо кузатилмайди. Чунки мактаб учун махсус қуёш панели ўрнатилди. Ўтган йилда вилоятда саноат йўналишидаги лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилишида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Масалан, вилоятнинг Китоб туманида хитойлик ҳамкорлар иштирокида барпо этилган “Қарши конч цемент” қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди. Туманнинг улуғвор тоғлари этагида иш бошлаган корхона Қашқадарё вилоятидаги илк цемент заводи ҳисобланади. 

– Ушбу цемент заводини очилиши вилоятимиз аҳолиси учун қувончли янгилик бўлди, – деди вилоят ҳокими М.Азимов. – Муҳтарам юртбошимиз томонларидан олиб борилган оқилона ва тўғри сиёсатнинг натижаси ўлароқ вилоятга чет эл инвесторлари иштирокидаги корхоналар сони бугунга келиб яна биттага кўпайди. Ушбу корхонага 2019 йилнинг октябрь ойида тамал тоши қўйилган эди. Мана қарийб 2 йилдан ошиқ вақт давомида ушбу саноат корхонаси қад ростлади. Корхона хитойлик ҳамкорларнинг 150 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағи ҳисобига ишга туширилди. Китоб туманининг “Макрид” кенгликлари ҳудудидаги 62 гектар ер майдонда жойлашган ушбу корхонада йилига 1,2 миллион тонна М-400, М-500 ва М-600 маркали цемент ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотлари вилоятда равон ва кенг кўчалар, осмонўпар бино-иншоотлар ва янги уй-жойлар барпо этишга хизмат қилади. Бундан ташқари, корхона фаолияти вилоятнинг экспорт салоҳиятига ҳам сезиларли таъсирини кўрсатади. Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, қолаверса, Хитой давлатларига йилига ўртача 12 миллион долларлик цемент экспорт қилинади. Муҳими ушбу корхонанинг ишга тушиши натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, 400 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. 

Вилоятда кейинги йилларда хитойлик ишбилармонлар билан самарали ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Ўтган йилнинг ёз ойларида Қашқадарё вилояти ва Хитой Халқ Республикаси ишбилармонлари ўртасида илк маротаба ташкил этилган форум ҳам фикримиз тасдиғидир. Пандемия сабабли онлайн форматда ўтказилган форумда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов иштирок этди. Таъкидландики, Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг савдо-иқтисодий алоқалари йилдан-йилга шиддат билан ривожланиб, сўнги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,7 баробарга ўсишига эришилди (2021 йилда 7,4 миллиард доллар, 2022 йил 1-ярмида 4,5 миллиард доллар). Буни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Хусусан, Китоб туманида “Қарши конч цемент” МЧЖ ҚК томонидан қиймати 150 миллион долларлик цемент, Қарши туманида “"LT TEXTILE INTERNATIONAL” МЧЖ ҚК томонидан 217 миллион долларлик ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилди.

 – Ҳозирда Қашқадарё вилоятида 35 та Хитой сармояси иштирокида қўшма корхоналар фаолият олиб бормоқда, – дейди вилоят ҳокими Муроджон Азимов. – Уларнинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 111 миллион долларни ташкил этиб, Хитойга маҳсулотлар экспорти ҳажми 5 миллион долларга ўсишга эришилди. Жорий йил биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон-Хитой ташқи савдо айланмасида вилоят ҳиссаси 63 миллион долларни ташкил этмоқда. Вилоятдан 25 турдаги 14 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилган бўлса, 250 турдан зиёд 59 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинган. 

Маълумотларга кўра, тадбиркорликни жадал ривожлантириш мақсадида, вилоятда Хитой тажрибасига асосан 45 та кичик саноат зонаси ва Қарши аэропортига ёндош 120 гектар майдонда эркин иқтисодий зона фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти учун Давлат томонидан барча муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилган. Қашқадарё вилояти республикада ҳудудининг катталиги бўйича 3-ўрин, аҳолиси сони бўйича 4-ўринда туради. Вилоят ҳудудида ерости ва ерусти табиий қазилма бойликлари, қолаверса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича улкан хом ашё базаси ҳамда истеъмол бозори мавжуд. Вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг саноат усулида қайта ишлаш даражаси паст. Хусусан етиштирилган меванинг 12 фоизи, сабзавотнинг 2 фоизи, узумнинг 4,8 фоизи, гўштнинг 1,1 фоизи, сутнинг 2,8 фоизи қайта ишланаётганлиги, бу маҳсулотларга вилоятнинг ўзида катта бозори борлигини кўрсатади.

Вилоятда кейинги 5 йилда етиштириладиган қарийб 10 миллион тонналик чорвачилик маҳсулотларини ёки қарийб 65 миллион тонналик деҳқончилик маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш зарурати мавжуд. Ваҳоланки, жуда катта миқдорда қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари вилоятга четдан ёки бошқа вилоятлардан олиб келинади. Бундан ташқари, вилоят ҳудудида 23 турдаги 147 та фойдали қазилмалар мавжуд. Масалан, кафель учун зарур бўлган хомашёнинг 90 фоизи, сантехника (унитаз, раковина ва бошқалар) маҳсулотлари учун 98 фоиз, стеклокристаллит учун 72 фоиз, қурилиш ойнаси учун 86 фоиз ҳамда чинни идишлар учун 100 фоиз компонентлар вилоятдаги конларда мавжуд. Ушбу хомашё захираларини қўшма корхоналар ташкил қилиб, шу ернинг ўзида вилоятнинг ички бозори ва ташқи бозорлар учун қайта ишланса ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилса юқори натижаларга эришиш мумкин. Энг асосийси бу маҳсулотларга талаб юқори, хусусан кейинги 5 йилда 24 минг хонадонли, 2022 йилнинг ўзида 3,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилганлиги қурилиш материалларига талабнинг юқорилигини кўрсатади.

 Қашқадарёда келгуси 5 йилда, яъни 2026 йилга бориб, аҳоли сони 4 миллион кишига етиши озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа турдаги бирламчи маҳсулотларга талаб ошиб бориши тахмини илгари сурилган. Яна бир масалани алоҳида қайд этиш зарурки, 2021 йилда вилоят бўйича электр энергиясига талаб 5,6 миллиард кВтни ташкил қилиб, йилига ўртача 300 миллион кВтга ортмоқда. Хитой давлати мазкур йўналишда дунёда 1-ўринда бўлиб, иқтисодиёт эҳтиёжининг асосий қисмини муқобил энергия билан таъминлайди.

 Бизнес форум давомида вилоятда ҳам муқобил энергия манбалари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун барча инфраструктура (йўл, бино, электр, газ) ва қулай ишлаб чиқариш муҳитини яратиш мақсад қилинаётгани қайд этилди. Форум доирасида Қашқадарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва кенг имкониятлар ҳақида сўз борди. Иштирокчиларга Қарши шаҳрида ташкил этилган “Эркин иқтисодий зона” имкониятлари ва яратилган қулайликлар акс этган видеоролик ҳавола этилди. Иккала давлат ишбилармонлари ўртасида иқтисодий ва инвестицион муҳитни ёритиб берувчи қатор тақдимотлар ўтказилди. Тадбир сўнгида Хитой Халқ Республикасининг “LONGI SOLAR TECHNOLOGY CO., LTD.” корхонаси билан қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларининг техник ва иқтисодий самарадорлигини ошириш ҳамда Қашқадарё вилоятида қуёш энергетикаси лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. 

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса ёшларга тадбиркорликни ўргатиш ва уларнинг ғояларини амалга оширишни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президент ташаббуси билан республика бўйлаб ҳар бир шаҳар ва туманларда ташкил этилаётган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” муҳим аҳамият касб этаётир. Қарши шаҳри Хонтепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2 гектар майдонда Ёшлар саноат зонаси иш бошлади. Маълумотларга кўра, ушбу Ёшлар саноат зонаси учун электр тармоғи тортилиб, 630 кВт қувватли трансформатор ўрнатилди. 400 метр йўл асфальт қилинди, ичимлик сув ва табиий газ тармоқлари тортилди. Саноат зонада ёш тадбиркорлар томонидан қиймати 27 миллиард сўм бўлган 24 та лойиҳа амалга оширилиши бошланган. Қисқа вақт ичида 23 миллиард сўмлик 20 та лойиҳа ишга туширилди ва ҳозирги кунда 300 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жумладан, текстил ва тўқимачилик саноати бўйича 11 та, мебель саноати бўйича 8 та, кимё саноати саноати йўналишида 1 та лойиҳа ўз фаолиятини бошлади.

 Вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида 15 та мана шундай Ёшлар саноат зоналари ташкил этилмоқда ва уларни барча муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 17 миллиард сўм маблағ ажратилган. Қолаверса, ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар имтиёзли кредит ресурси ажратилди. Ушбу кредит маблағлари вилоятда 10 та тижорат банклари томонидан 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга хорижий валютада 4 фоиз ва миллий валютада 14 фоиз ставкада ажратилмоқда. Айни кунда вилоятдаги ҳар бир ёшлар саноат зоналарида ёш тадбиркорлар томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Эътиборлиси шундаки, мазкур саноат зоналардаги ёш тадбиркорлар нафақат ўзини балки ўзи каби 2 минг нафардан зиёд ёшларни иш билан таъминлайди. 

Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президентимизнинг вилоятларга, жумладан Қашқадарёга ташрифи янги-янги ғоялар, ташаббусларни амалга ошириш, иқтисодий барқарорликни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

 

Ўлмас Баротов, 

 Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.