Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташрифдан ташрифгача: одамларни рози қилишдек эзгу мақсад йўлида фарғоналиклар самарали меҳнат қилмоқда
08:56 / 2022-05-12

“Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил бугун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ўз тасдиғини топмоқда. Асосийси кенг қамровли ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. Буни Фарғона вилоятидаги янгиланишлардан, бунёдкорлик ишларидан ҳам билиш мумкин. Биргина ўтган йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 45,4 триллион сўмга етиб, ўсиш кўрсаткичи 8 фоизни ташкил этди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини қисқартириш борасидаги ишлар натижасида 150 минг нафардан зиёд фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди.

Вилоятда бизнес муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳокимларнинг, соҳа мутасаддиларининг тадбиркорлар билан ишлаш, уларнинг мурожаат ва масалаларини ҳал қилиш йўлга қўйилди. Вилоят, шаҳар ва туманларда “Тадбиркорлар уйлари” ташкил этиб, ҳар ҳафта тадбиркорлар қабули ўтказилмоқда. 

Инвестиция дастурига мувофиқ қиймати 4,2 триллион сўм бўлган 809 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 16 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу ўринда ўтган йилда Қувасой шаҳрида “Кварц” акциядорлик жамияти томонидан умумий қиймати 736,6 миллиард сўм бўлган қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси фойдаланишга қабул қилиниб, 300 тага яқин янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, шаҳар ва туманларда 90 та кичик саноат ва ёшлар тадбиркорлик саноат зоналари ташкил этилиб, янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ушбу саноат зоналарида бугунги кунда беш мингдан зиёд нафар фуқаролар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. 

2021 йилда Фарғона вилоятида Президентимиз ташаббуси билан “Бағдод тажрибаси” сифатида эътироф этилган янги массивга асос солинди. Бунда биринчи асосий мақсад, аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўлса, қурилишлар орқали янги иш ўринлари яратилди. Биргина Бағдод туманидаги шаҳарчани барпо этишда 8 мингдан зиёд қурувчилар иштирок этди. Яна бир муҳим жиҳат, қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламининг кенгайиши натижасида вилоятда қурилиш материаллари саноати ҳам жадал ривожланиб, қурилиш кластерлари шаклланмоқда. Цемент, қурилиш ойнаси, оҳак, керамик плиткалар, гипсокартон, қуруқ қурилиш аралашмалари, эшик-ромлар, лак-бўёқлар, девор гулқоғозлари, арматура, темир-бетон маҳсулотлари, қувурлар ва бошқа кўплаб янги турдаги импорт ўрнини босувчи, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқарилгани натижасида қурилиш материаллари тармоғи Фарғона иқтисодиётининг “драйвер” соҳаларидан бирига айланди, янги барқарор иш ўринлари ташкил этишда муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг аҳоли барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада ипотека тизимига босқичма-босқич бозор механизмларини жорий этиш, соҳада хусусий секторнинг ўрнини ошириш бўйича топшириқларидан келиб чиқиб 2021 йилда илк бор шаҳар ва туманларда тажриба сифатида кўп қаватли уй-жойлар қурилишига хусусий пудрат ташкилотлари жалб этилди. Хусусий пудрат ташкилотлари томонидан жами 6 минг 369 хонадонли 193 та кўп қаватли уйлар қурилди. Бу жараёнда Бағдод тумани “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1236 хонадонни жамлаган 61 та замонавий кўп қаватли турар-жойлар барпо этилди. Ушбу тажриба асосида бу йил вилоят маркази, Фарғона, Ёзёвон, Олтиариқ каби бир қатор туманларда “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этилмоқда. Замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қад ростлаётган ушбу мажмуаларда бир неча босқичда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, боғлар, хиёбонлар, ҳордиқ масканлари, кўп қаватли уйлар, таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, тадбиркорлик субъектлари фойдаланишга топширилади.Вилоят марказида 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган экошаҳарни бунёд этишга киришилди. Бу ерда 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” бунёд этилмоқда. 

Президентимиз ҳар гал Фарғона вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар беради. Ўтган давр мобайнида вилоятда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларниишга тушириш баробарида аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.

Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилганлиги хорижий инвестициялар оқимининг сезиларли даражада кўпайиши ҳамда истиқболли лойиҳаларни ишга туширилишига хизмат қилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида ўтган йилда 512 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди, 752 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. 81 та янги хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхоналар ўз фаолиятини бошлади.

Вилоят иқтисодиётига 2022 йилда бир миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар ва хорижий кредит линиялари маблағларини жалб қилиш режалаштирилган. Учкўприк тумани Фарғона вилоятида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўз салоҳиятига эга ҳудуд ҳисобланади. “Бобошбек”, “Бекмурод”, “Зиғир”, “Палохон” ва “Яккамулла” маҳалла фуқаролари йиғинларида яшовчи аҳоли ўз хонадонларида тикувчилик, трикотаж маҳсулотлари тайёрлаб келади. Маълумотларга кўра, уч мингдан зиёд киши мазкур юмуш билан шуғулланаётган бўлиб, ички бозорга сифатли маҳсулотларни етказиб бермоқда. 

[gallery-7042]

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 майдаги “Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни, логистика ва савдо тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида 15 гектар ер майдонида янги мажмуа барпо этилди. “Fergana Global textile” масъулияти чекланган жамияти томонидан Фарғона шаҳрида фойдаланишга топширилган замонавий тўқимачилик мажмуаси йирик лойиҳа ҳисобланади. Бу ерга 80 миллион долларлик инвестиция киритилиб, АҚШ, Япония, Германия, Туркия, Швейцария давлатларнинг ускуна ва жиҳозлари ўрнатилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, таълим, тиббиёт, маданият, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳам янги ташаббусларга қўл урилди. Умуман олганда, вилоятда барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилди ва бу ишлар изчил давом этмоқда. Одамларни рози қилишдек эзгу мақсад йўлида фарғоналиклар самарали меҳнат қилмоқда

 

М. Сулаймонов, 
М. Қодиров олган сурат