Фарғонада 571 та лойиҳа амалга оширилди
Ташрифдан ташрифгача. Мамлакатимизда аҳолини бугунидан рози қилиш, турмуш даражасини янада яхшилаш борасида барча ҳудудларда кенг қамровли ишлар изчил давом этмоқда.
Ташрифдан ташрифгача
Мамлакатимизда аҳолини бугунидан рози қилиш, турмуш даражасини янада яхшилаш борасида барча ҳудудларда кенг қамровли ишлар изчил давом этмоқда. «Йўл харитаси»га тушган лойиҳа ва дастурларнинг босқичма-босқич амалий ижросидан кўзлар қувнайди, диллар яйрайди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи чоғида билдирилган таклиф-истаклар, долзарб муаммоларга оид мурожаатлар қисқа ва ўрта муддатларда ижобий ечимини топмоқда. Асосийси, ҳар бир берилган топшириқ ўз муддатида бажарилиб, шаҳар ва туманларнинг иқтисодий-ижтимоий тараққий этишига хизмат қилмоқда.
Президентимиз 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, бир қатор соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берган эди.
Ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар бажарилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 8 та муҳим ҳужжати қабул қилинди.
Хусусан, 2019-2022 йилларда умумий қиймати 26,5 триллион сўм бўлган 688 та лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 544 та лойиҳада 7,6 триллион сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган. Амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунга қадар 571 та лойиҳаларда 6,8 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилди ва 11 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Фарғона шаҳрида «Ви энд Би кемикал», Учкўприк туманида «Шаффоф омадли саноат», «Фергана Франс» каби кўплаб корхоналарда истиқболли лойиҳалар ишга тушди.

Йил бошида Бешариқ туманида иш бошлаган “Fargʼona Yasin qurilish mollari” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ҳам ташриф доирасида амалга оширилган йирик лойиҳалардан биридир. Цемент ишлаб чиқарувчи қўшма корхона “Great Amirxan oil” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг “Shanxi Xiangsheng” компанияси томонидан бунёд этилди. Бу ерда бир кунда 2 минг 500 тонна сифатли цемент ишлаб чиқариш имкони бор. Лойиҳанинг биринчи босқичида 113 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 нафар ёшлар иш билан таъминланди.
Бугунги кунда Риштон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам давом этмоқда. 2019-2021 йилларда йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик-коммуникацияларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича 133,4 миллиард сўм ҳамда ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга 56,1 миллиард сўм маблағлар сарфланиши белгиланган. Шунингдек, 83 та инвестиция лойиҳаларида 925 та иш ўринлари яратиш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда барча соҳалар қаторида олий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга муҳим эътибор қаратилиб, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот марказлари билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилмоқда. Фарғона вилоятида Корея халқаро университетининг ташкил этилиши ҳам ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.

Ўтган йилда очилган бу олий ўқув юртида 704 нафар ёшлар мактабгача таълим, туризм менежменти, компьютер дастурлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, архитектуравий лойиҳалаш, электр энергетика, автомобилсозлик, корейс тили, гўзаллик индустриясида менежмент таълим йўналишларида таҳсил олмоқда.
Вилоятда туризмни ривожлантириш ҳам доимий эътиборда бўлиб, бу йўналишда ҳам бир қатор ишлар олиб бориляпти. Вилоят ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги «Шоҳимардон» туризмни ривожлантириш дирекцияси ташкил этилди.
Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 563,1 километр узунликдаги электр тармоқлари ва 319 та трансформатор пунктлари янгиланди ва реконструкция қилинди. Шунингдек, Ёзёвон туманига юқори кучланишли 21,5 километр 110 кВ ҳаво тармоғи қуриб битказилди.
Қўқон ва Марғилон шаҳарлари ва Риштон туманидаги автомобиль йўлларида 56,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ёзёвон тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 350-377 км оралиғига 1449 дона БДО-5 олиб келинди ва йўл ўртасига ўрнатилди. Шунингдек, Қувасой шаҳрида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига хизмат кўрсатувчи алоҳида юридик корхона ташкил этилди.

Аҳолини ичимлик ва оқава сув тизимини яхшилаш мақсадида 80,2 миллиард сўм маблағлар эвазига 423 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 39 та ичимлик сув қудуғи қазилди ва реконструкция қилинди, 101 та ичимлик сув насоси, 47 та сув минораси ўрнатилди ва таъмирланди, 6 та ичимлик сув сақлаш резервуар қурилди. Бунинг натижасида вилоят ҳудудида 52,5 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сув таъминоти билан таъминланиб, 244,9 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти янада яхшиланди. Оқава сув таъминоти бўйича 10,6 километр оқава сув тармоқлари қуриш ишлари бажарилди.
«Устоз-шогирд» мактаби анъаналари асосида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг сони 2 баробарга ошди. Ўтган йилда Марғилон шаҳрида «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор фестивали ҳамда Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилди.
Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов мемориал музейи ҳамда Учкўприк туманида Ҳазиний уй-музейи Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида ташкил этилди. Шунингдек, Марғилонда ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузуридаги Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри давлат муассасаси ташкил этилди.