Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташрифдан сўнг: Бухоро ишсизликдан холи ҳудудга айланади
12:34 / 2023-02-24

Қулай географик муҳитда жойлашган Бухоро мамлакатимизнинг йирик вилоятларидан бири бўлиб, сайёҳлик салоҳияти билан муҳим стратегик ҳудуд саналади. Туризм индустрияси йўналишида вилоятимизда олиб борилган ишлар натижаси ўлароқ, 2022 йилда 89 та 2452 ўринли катта-кичик янги меҳмонхоналар ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 485 тага етди. Биргина ўтган йилнинг ўзида Бухорога ташриф буюрувчилар сони 2021 йилга нисбатан 2,2 миллиондан 3,5 миллион нафарга ошди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ва “Мозийга саёҳат” дастурлари доирасида Бухоро бўйлаб 2961 минг нафар мамлакатимиз аҳолисининг ички туризми ташкил қилинган бўлса, яна 552,6 минг нафар хорижий сайёҳнинг ташрифи кузатилди. Натижада хизматлар экспорти ҳажми 138,2 миллион долларга етди.  

2022 йилнинг июнь ойида илк бор “Turkish Airlines” компанияси томонидан Истанбул-Бухоро-Истанбул йўналишида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди. Бу эса хорижий сайёҳлар оқимини оширишга бевосита ўз таъсирини ўтказди.  

Вобкент туманидаги “Ширин” қишлоғида “Ширин этнотуризм” масканини ташкил этиш мақсадида 2,5 километр асосий йўл тўлиқ ва 2,3 километр ички йўл жорий таъмирланди. Қишлоқда 1 та “Этно туризм” маркази, 1 та экотуризм маскани, 13 та ўтов, 3 та Wi-Fi доираси, 6 та ҳунармандчилик устахонаси ва 3 та миллий чойхона ташкил этилиб, 5 та оилавий меҳмон уйида сайёҳларни қабул қилиш имконияти яратилди.  

Ҳудудий инвестиция дастурлари ҳамда ташаббускор тадбиркорлар томонидан туризм соҳасида умумий қиймати 318,9 миллиард сўмни ташкил қилган 19 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 205 нафар янги иш ўрни яратилди.  

Бухоро вилоятини иқтисодий кўрсаткичлар ва соҳалар ривожига кўра тоифаларга ажратиб, 2023 йилда “аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудуд” га айлантириш мақсад қилинган. Ушбу вазифани амалга ошириш учун Президентимизнинг “Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини кўпайтириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Лойиҳага кўра, Бухоро вилоятини 2023 йилда “ишсизликдан холи ҳудуд” га айлантириш мақсадида жами 250 минг нафар, шундан 121,2 минг нафар доимий ва 128,8 минг нафар мавсумий ишларда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аниқ манзилли тадбирлар белгиланди.  

Шунингдек, эксперимент тарзида 2023 йилда вилоятнинг ишсизлик даражаси юқори бўлган 24 та маҳаллаларида пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан камида 30-50 ўринли тикув-трикотаж цехлари ҳамда мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича кичик корхоналар ташкил этилади.  

Президентимизнинг 2022 йил 25 июлдаги қарорига асосан 2023 йилда вилоят маҳаллаларида саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик йўналишлари билан бир қаторда савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 59 та микромарказлар ташкил этилади. Шу билан бирга, янги деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун аҳолига қўшимча 6 108 гектар ер майдонлари ажратилади. Мазкур вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлашда депутатлар фаоллиги ва ташаббускорлиги янада муҳим аҳамият касб этади.  

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17 февралда Бухоро вилоятига ташрифи давомида кластер раҳбарлари билан мулоқотида ҳам бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратилди. Кластерлар фаолиятида муқобил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Агар Бухоронинг иқлими иссиқ эканлигини ҳисобга олсак, бундан фойдаланиб, 740 та корхонада 22 мегаваттли, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйлар устида 11 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкин.  

Ташриф чоғида Бухоро вилоятида аграр ва сув хўжалиги масалаларида сув тежовчи технологияларни қўллаш, инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.  

Халқимизнинг даромадини ошириш орқали камбағалликни йўқ қилиш, аҳолининг харид қобилиятини ошириб, тадбиркорликни ривожлантиришдан иборат бўлган пировард мақсадимизни амалга ошришда – биз халқ вакиллари – депутатлар бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.  

 

Мақсуд Муҳаммедов,  

Халқ депуталари Бухоро вилояти Кенгашининг  

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология

бўйича доимий комиссия раиси  

ЎзА