Ташқи ишлар вазирлигида “Ташқи сиёсатда “юмшоқ куч”нинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Вазирлик ходимлари, дипломатлар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети тадқиқотчилари ва талабалари иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда замонавий дунё ҳар томонлама чуқур ва сифатли ўзгаришларни бошдан кечираётгани таъкидланди.

Кейинги даврда инсоният кўплаб умумий ва янги, иқлим ўзгаришидан хавфли вируслар пандемиясигача, ўсиб бораётган геосиёсий қарама-қаршиликдан тортиб дунё иқтисодиётидаги мураккаб муаммоларгача бўлган глобал хатарларга дуч келмоқда. Аксарият давлатлар олдида ижтимоий барқарорликни сақлаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш, ўз қадрияти, анъанаси ва асосларини ҳимоя қилишдек муҳим вазифалар янада долзарблик касб этмоқда.
Айни шароитда кўплаб мамлакатлар халқаро майдонда ўз манфаатини рўёбга чиқариш учун янгича шакл ва усуллардан фойдаланишга интилмоқда. Замонавий дунёда куч ишлатиш усуллари кенг қўлланилишига қарамай, «юмшоқ куч»дан фойдаланиш ташқи сиёсатнинг энг самарали воситаларидан бири бўлиб қолмоқда.

«Юмшоқ куч» давлатнинг ўз манфаати йўлида халқаро муносабатдаги бошқа иштирокчилар ҳатти-ҳаракатини мувофиқлаштириш, қулай амалий натижага эришиш, нуфуз ва таъсирни мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий ўзига хосликни тасдиқлаш мақсадида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда давлатнинг ижобий имижи ва жозибадорлигини ташқи соҳада шакллантириш ва амалга ошириш қобилиятидир.
Инчунун, тинчликпарвар ва прагматик хусусиятга эга Ўзбекистон ташқи сиёсати сезиларли фаоллашуви шароитида мамлакатимизнинг ўзига хос «юмшоқ куч» моделини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Бундай сиёсат Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган минтақавий ва халқаро миқёсдаги узоқ муддатли мақсадларга эришиш, миллий хавфсизлик ва жадал ривожланишни таъминлаш учун қулай ташқи шароит яратиш, «Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси»га мувофиқ кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади.

Давлатимиз мустақил тараққиётнинг дастлабки йилларида шаклланган ўзига хос «юмшоқ куч» концепциясини амалга ошириш учун тарихан ноёб салоҳиятга эга. Ўзбекистон Республикасида ижобий миллий имижни самарали илгари суриш, халқаро кун тартибини шакллантиришга таъсир кўрсатиш ва «юмшоқ куч»дан фойдаланган ҳолда ташқи соҳада миллий манфаатни ҳимоя қилиш учун, деярли, барча бирламчи объектив ва субъектив ресурслар, механизм ва воситалар мавжуд. Шу аснода «юмшоқ куч» усулларидан фойдаланган ҳолда Ватанимиз жозибадор қиёфасини изчил шакллантириш ташқи иқтисодий асосни ривожлантиришнинг зарур қисми, дейиш мумкин.
Мамлакатимизда кенг қўлланаётган «юмшоқ куч» восита ва механизмлари орасида анъанавий ва парламент дипломатияси, «рақамли дипломатия» ҳамда минтақавий ва халқаро платформаларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Мамлакат ва минтақа брендингини ривожлантириш, тарғиб этиш бўйича фаол иш олиб борилиши натижасида Ўзбекистон корхона ва компаниялари дунё бўйлаб ном қозонаётгани давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва эътирофини оширмоқда.
«Юмшоқ куч» миллий концепциясини ҳаётга татбиқ этишда халқимизнинг жаҳонга машҳур тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари, Ўзбекистоннинг қадимий меъморчилиги ва ўзига хос анъаналари алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг пухта ўйланган ташқи сиёсати туфайли халқ, оммавий ва ҳудудлараро дипломатия фаол ривожланиб, хориждаги ватандошларимиз ва диаспоралар билан тизимли иш олиб борилаётгани ташқи сиёсат йўналиши инсонпарварлаштирилганидан далолат. Ўзбек санъати, спорти, туризми, киноси, таълими ва илм-фанида эришилаётган ютуқлар юксак ижобий нуфузимизни мустаҳкамлаш, диёримиз жозибадорлигини оширишга улкан ҳисса қўшмоқда.

Муҳими, Ўзбекистоннинг, аввало, самарали ва сермаҳсул ички ислоҳот натижасида шаклланган, умумэътироф этилган кучи, таъсири халқаро ҳамжамият томонидан тинчлик ва бунёдкорлик мақсадларига эришиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида изчил фойдаланишда қўл келмоқда.
Табиийки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси ва Евроосиё марказида энг муҳим таянч ўрнини сақлаб, янада мустаҳкамламоқда. Республикамиз халқаро майдонда мувозанатли, масъулиятли ва қатъий позицияга эга ҳамкор сифатида эътироф этилмоқда. Бу халқаро сиёсатда беқарорлик кучайиб бораётган, жаҳон тартиби ўзгараётган даврда ғоят муҳим.
Давра суҳбати давомида ички ва ташқи сиёсатнинг ўзаро боғлиқлиги, мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга оширишда иқтисодий дипломатиянинг ўрни, маданий ва рақамли дипломатиянинг замонавий усулларидан фойдаланиш каби долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хорижий давлатлар билан маданий-гуманитар алоқани ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири