Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи савдони ривожлантиришда Жаҳон савдо ташкилотининг ўрни
15:29 / 2024-06-06

Мамлакатимизда ташқи савдони янада ривожлантириш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш масаласи долзарб бўлиб турибди.

ЖСТга аъзо бўлиш мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, халқаро миқёсда ривожланган давлатлар билан ҳамкорликни такомиллаштириш учун янги имкониятлар эшигини очади.  

Хусусан ташқи савдони қулай шароитда амалга ошириш, дейлик, бир қатор мамлакатларда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик маҳсулотлари ва кимё саноати маҳсулотлари экспорти учун мавжуд нотариф тўсиқлар олиб ташланади. ЖСТга аъзо бўлган барча мамлакатлар ҳудудидан транспорт воситасини ўтказиш кафолатланади (транзит ўтиш имконияти кенгаяди). ЖСТга аъзо мамлакатлар ҳудуди орқали денгиз ва океанга чиқиш осонлашади. Божхона, тариф, солиқ ва валюта сиёсатининг халқаро талаблар асосида иқтисодий интеграцияга тўсқинлик қилувчи муаммолар бартараф этилади.  

Мана шу имкониятларнинг барчаси тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни халқаро бозорга олиб чиқиш жараёнини яхшилайди. ЖСТга аъзо мамлакатлар билан савдонинг ортиб бориши экспорт даромадларининг ортиб боришига ҳам имконият яратади. Шунингдек, катта ҳажмда чет эл инвестицияларини жалб этиш, турли ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли бандлигини (ишлаб чиқариш ёки саноатнинг бошқа сердаромад соҳаларида) юқори даражага кўтаришни кафолатлайди. ЖСТга аъзо бўлиш орқали истеъмолчиларни ноқонуний сотилаётган сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш учун шароит яратилади.  

Шу билан бирга, ЖСТга аъзо бўлиш тегишли меъёрий тартибларга риоя қилишни талаб этгани сабабидан муайян мамлакатлар учун халқаро иқтисодий муносабатларда айрим қийинчиликларни ҳам туғдиради.  

Ўзбекистоннинг ЖСТ ва халқаро савдо тизимига интеграциялашуви барқарор ва олдиндан режалаштирилган тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини яратади. ЖСТга аъзо бошқа давлатларнинг Ўзбекистон экспорт қилаётган товар ва хизматларга камситувчи (дискриминацион) муносабатда бўлмаслигини кафолатлайди. Бу эса мамлакатимизга ўзининг экспорт салоҳиятини тўлароқ рўёбга чиқаришига замин тайёрлайди.  

ЖСТга кириш учун янги таҳрирда Божхона кодекси қабул қилинди. Давлат божхона хизмати тўғрисидаги қонун ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар халқаро норма талаблари даражасига етказилди.    

ЖСТга аъзо бўлаётган давлат қуйидаги тўртта асосий босқичдан ўтиши зарур.  

1-босқич: савдо ва иқтисодий масалаларга алоқадор қонун ва қоидаларнинг амалиётда ишлаши ва бу борада олиб борилаётган сиёсат тўлиқ акс эттирилган «Ташқи иқтисодий режим тўғрисидаги меморандум»ни ЖСТга тақдим этиш талаб қилинади. Меморандум ЖСТнинг Ишчи гуруҳи томонидан қўшилаётган давлатнинг сиёсати ва меъёрий ҳужжатларини ЖСТ келишувлари талабларига жавоб бериш-бермаслиги тўғрисида хулоса чиқариш учун фойдаланилади. Мазкур босқичнинг давомийлиги тақдим этилган маълумотларнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, сифати ва Ишчи гуруҳ саволларига берилган жавобларга боғлиқ бўлиши мумкин.  

2-босқич: Ишчи гуруҳ қўшилаётган давлатнинг ташқи иқтисодий фаолияти хусусида бирон хулосага келгандан сўнг, қўшилаётган давлат ва бошқа исталган манфаатдор тараф ўртасида икки тарафлама музокаралар бошланади. Мазкур музокаралар тариф ставкалари, ички бозорга чет товарларининг кириб келишига имконият яратиш ва бошқа шу каби масалаларни ўрганади. Лекин мазкур музокаралар икки тарафлама бўлишига қарамасдан, уларнинг натижасида қўшилаётган давлат ўз зиммасига олган мажбуриятлар камситмаслик принципига мувофиқ ЖСТнинг бошқа давлатлари учун ҳам автоматик тарзда амал қилиб, бу икки тарафлама музокаралар натижасидан ЖСТнинг барча бошқа аъзо давлатлари ҳам фойдаланади. Шу сабабли мазкур музокаралар ниҳоятда аҳамиятли бўлиб, уларни олиб боришда етарлича мураккабликларга дуч келинади. 

3-босқич: аъзолик шартлари келишилади. Яъни Ишчи гуруҳ далилларни аниқлаш жараёнини ва қўшилаётган давлатнинг қонунчилиги, олиб борилаётган сиёсатини экспертизадан ўтказишни якунлаб, икки тарафлама музокаралар ўз ниҳоясига етганидан кейин, Ишчи гуруҳ қўшилаётган тарафнинг қўшилиш шартлари лойиҳасини ишлаб чиқади. Мазкур шартлар Ишчи гуруҳ ҳисоботида, ЖСТга қўшилиш келишуви лойиҳасида («қўшилиш тўғрисида баённома») ва қўшилаётган тарафнинг мажбуриятлари рўйхатида ўз аксини топади.  

4-босқич: Ишчи гуруҳнинг ҳисоботи, баённома ва мажбуриятлар рўйхатидан иборат якуний ҳужжатлар тўплами ЖСТнинг Бош кенгашига тақдим этилади. Агар қўшилишга умумий овозлар сонининг 2/3 қисми овоз берса, қўшилаётган тараф баённомага имзо чекиб, ташкилотга қўшилишга ҳақли бўлади. Қўшилаётган давлатнинг ички қонунчилигидан келиб чиққан ҳолда айрим ҳолларда Келишув ратификация қилиниши ҳам талаб этилади.  

 

Қурбонқул Каримқулов,  

Божхона институти профессори,  

техника фанлари доктори.