Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи савдо айланмасида товарлар экспорт ва импортининг аҳволи қандай?
18:33 / 2020-11-23

Тўлов баланси-маълум бир даврда резидент ва норезидентлар ўртасидаги иқтисодий операцияларни умумлаштирган макроиқтисодий ва статистик ҳисобот. Бу масалани аҳамияти ва ташқи қарз ҳақида Марказий банк мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида МБ департамент директори ўринбосари Отабек Тожиддинов алоҳида изоҳ берди:

«Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига, яъни 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 27,6 млрд долларни ташкил этмоқда. Бунда: 10,1 млрд доллар — хусусий сектор ҳиссасига,

17,5 млрд доллар — давлат сектори ҳиссасига тўғри келмоқда.

Қайд этиш керакки, товарлар ва хизматлар экспорти ва импорти, бир мамлакатнинг хорижда ишловчи ҳамда ўша давлатда ишловчи чет эллик ишчиларнинг даромадлари ва харажатлари тўлов баланси сифатида ҳисобланади. Бир мамлакатнинг ташқи активлари ва мажбуриятлари бўйича қўлга киритган ёки тўлаб бериши лозим бўлган даромадлари, шунингдек, халқаро пул ўтказмалари, грантлар ва инсонпарварлик ёрдамлари ва бошқа операциялар тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобида акс этади.

Ташқи қарз эса мамлакат резидентларининг ташқи қарзини, шунингдек, қарз бўйича ҳисобланган, аммо ҳали тўланмаган фоизлари бўйича қарздорлик қолдиқлари ҳам унда акс этади. Бундай қарзлар давлат ва хусусий сектор қарзига бўлинади.

Товарлар савдоси бўйича ярим йиллик ташқи савдо айланмасида товарлар экспорти 5,2 миллиард доллар, товарлар импорти эса 8,6 миллиард доллар бўлди. Бунда экспорт ўтган йилга нисбатан 20 фоизга, импорт ҳажми эса 14 фоизга камайган. 

Экспортда қимматбаҳо металлар, тошлар, тўқимачилик маҳсулотлари етакчи ўрин эгалламоқда. Импортда эса машиналар, механизмлар, электротехника ускуналари ҳажми ўсганини кўриш мумкин.

Агарда Ўзбекистон қайси мамлакат ва қитъалар билан савдо айланмасига эга дейилса, Европа ва Осиё давлатлари биринчи ўринда эканини кўриш мумкин. Халқаро хизматлар бўйича ташқи савдо айланмасининг экспорт ва импортида асосий ўринни сафарлар, транспорт хизматлари эгаллайди.

ЎзА