Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи реклама, пешлавҳа ва эълонлар “Давлат тили ҳақида”ги қонунга мосми?
12:10 / 2025-08-21

Сурхондарё вилоятида “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижроси ўрганилмоқда.

Мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани ҳам мустақилликнинг буюк шарофатидир. Бундан 36 йил муқаддам қабул қилинган бу қарор халқимиз тарихидаги буюк воқеа ва конституциявий мустақиллик йўлидаги илк ҳуқуқий қадам бўлган.Бу мақом она тилимизни янада ривожлантириб, ўзбек тилининг софлигини сақлаш, мустаҳкамлигини оширишга катта имконият яратди. Аммо айни пайтда жойларда идора ва ташкилотлар реклама баннерлари, пешлавҳалар ва эълонларни тайёрлашда ўзбек тилининг меъёр талабларига риоя этишда айрим камчиликларга йўл қўяётгани ҳам кузатилмоқда.  

[gallery-24867]

Туманлардаги ишчи гуруҳлар жойларда бўлиб, тадбиркорларнинг ташқи рекламалари конструкциялари ва тарғибот воситаларининг ўрнатилиши, мазмуни ҳамда қонун талабларига мослигини кўздан кечирмоқда.  

Сариосиё туманидаги ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишларни туман марказидаги Абдулла Қаҳҳор кўчасидан бошлади. Марказий кўчада жойлашган тадбиркорлик субъектларининг ташқи рекламалар конструкциялари ва тарғибот воситаларининг ташқи ёзув, реклама ва пешлавҳаларида қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланиб, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари мутасаддиларига уларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.  

Ишчи гуруҳ аъзолари бир йўла корхона ва ташкилотларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиш ҳолатларини ҳам ўрганиб, таҳлил қилмоқда. Қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишида йўл қўйилган камчиликлар жойида бартараф этилиб, масъул ходимлар огоҳлантирилмоқда. Шунингдек, барча турдаги ёзувларни давлат тили қоида ва талабларига мувофиқлаштиришнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар берилмоқда.

Вилоятдаги маҳалла, ташкилот, корхона, муассаса ва кўчаларда ўрганиш ишлари давом этмоқда.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири