Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи қарз билан боғлиқ лойиҳалар депутатлар назоратида
18:48 / 2021-05-20

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Дастлаб депутатлар давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг ҳолатини муҳокама қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг давлат қарзи жами 23,3 миллиард АҚШ доллари эквивалентида, яъни ЯИМнинг 40 фоизига етган. Хусусан, бу маблағларнинг 21 миллиард АҚШ доллари ёки ЯИМнинг 36,5 фоизга тенг қисми давлат ташқи қарзини ташкил қилади.

Ташқи қарзнинг бу кўрсаткичлари дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон учун хатарли ҳисобланмайди.

Ташқи қарз маблағларининг халқ фаровонлиги учун хизмат қилишини таъминлашда унинг қайси мақсадларга ва лойиҳаларга йўналтирилиши муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, депутатлар ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги ва натижадорлигини назорат қилиш, кўзланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳамда қарз маблағларини қайтаришда лойиҳа ташаббускорларининг масъулиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратишди. Бу борада оқсоқликка йўл қўйилаётган лойиҳалар юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ахбороти эшитилди.

Депутатлар Жаҳон банкининг 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит ҳамда 24,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат бюджети маблағлари ҳисобига 2019-2021 йилларда амалга оширилаётган «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» инвестиция лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахбороти ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳисоботини эшитди.

Ҳисоб палатасининг ахборотида қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш даврида жорий йилнинг 1 март ҳолатига 944,8 минг АҚШ доллари ёки жами ажратилган маблағларнинг 1 фоиздан кам миқдоридаги қарз маблағлари ўзлаштирилган.

Шу билан бирга, лойиҳа самарали бошқарилмагани ва ишлар тўғри йўлга қўйилмагани туфайли 23 та ҳолатда 439,7 минг АҚШ доллари эквивалентдаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Аниқланишича, лойиҳани амалга ошириш гуруҳининг фаолияти самарали ташкил этилмаган. Яъни гуруҳда бажарилган амалий ишлар юзасидан даврий сўров тизими яратилмаган ва уларнинг самарали кўрсаткичлари белгиланмаган.

Гуруҳда вазифалари бир-бирини такрорловчи лавозимлар жорий қилинган, меҳнат шартномаси тузилмаган ва штатда бўлмаган шахсларга иш ҳақи ҳисобланиб, маблағлар тўланган.

Шунингдек, «йўл харитаси» бўйича муддати келган 128 та тадбирнинг 67 таси ижро этилмаган. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 9 январдаги қарори билан лойиҳа доирасида 2020 йилда 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши белгиланган бўлсада, ҳақиқатда 2020 йилда 789,3 минг АҚШ доллари ёки 6,3 баробар кам миқдорда қарз маблағлари ўзлаштирилган.

Лойиҳа доирасида Когон шаҳрида Амир саройи ва маданий мерос биноларини реставрация қилиш, Когон-Бухоро сайёҳлик автобус йўналишини ташкил қилиш учун ускуналарни етказиб бериш, Чортоқ тумани, Когон ва Янгийўл шаҳарларида сув таъминоти ва канализация тизимини реконструкция қилиш бўйича амалий ишлар бошланмаган. Бу каби ҳолатлар депутатларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Уларни ўз вақтида самарали амалга ошириш бўйича амалий таклифлар берилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан ташқи қарз ҳисобига амалга оширилаётган «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» инвестиция лойиҳасида аниқланган ҳолатлар кескин танқид қилинди. Хусусан, депутатлар мазкур лойиҳада белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан Чортоқ тумани, Когон ва Янгийўл шаҳарлари ҳокимликларининг ҳисоботларини тинглади.

Н.Насриев, ЎзА