Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи меҳнат миграцияси масалаларидаги мурожаатлар сони 48 фоизга камайган
15:55 / 2023-11-29

Жорий йилнинг 10 ойи давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига жисмоний ва юридик шахслардан жами 85 минг 634 та мурожааткелиб тушган бўлиб, уларнинг 66 минг 69 таси хорижий давлатларга ишга кетиш, 18 минг 282 таси хорижда қийин аҳволда қолганда х,уқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам олиш, қолганлари меҳнат миграцияси билан боғлиқ бошқа масалаларда тақдим этилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда  Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.  

Мутахассис маълумотига кўра, ўтган 2022 йилнинг 10 ойи давомида 178 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани инобатга олинса, жорий йилда бу рақам, яъни юртдошларимизнинг ташқи меҳнат миграцияси масалаларидаги мурожаатлари сони 48 фоизга камайган. Мурожаатлар асосида хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизнинг 35 минг 381 нафарига ташкилий ва манзилли тарзда ишга жойлашишга кўмаклашилган. Хорижда ишлаётган 8 минг 667 нафарига ҳуқуқий, 7  минг 141 нафарига ижтимоий ва 2 минг 474 нафарига жами 71  минг 400 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган.  

Хорижда қийин аҳволда қолган 76 нафар юртдошимиз вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган бўлса, оғир аҳволга тушиб қолган 443 нафар юртдошимиз Ватанга қайтарилган. 1 минг 710 нафар ўзбекистонлик фуқаронинг иш берувчи томонидан тўланмаётган иш ҳақи, 98 нафарининг эса компенсация тўловлари шаклидаги жами 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги пуллари ундириб берилган.  

Бундан ташқари, Бандлик органлари билан биргаликда хорижда ишлаш истагида бўлган 49 минг 47 нафар фуқаро касб-ҳунар ва чет тилларига ўқишга жалб қилинган, улардан ўқиш жараёнларини якунлаган 28 минг 717 нафари хорижий иш берувчилар танловига жалб қилиб келинмоқда.  

Шу ўринда, хорижда ишлаётган ва хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар 24 соат узлуксиз ишлаши йўлга қўйилган “1282” қисқа рақами ва иш вақти давомийлигида ишлайдиган 71 код билан 200-00-61 телефон рақами ҳамда “Labour Migration” дастурий мажмуаси орқали онлайн мурожаат қилиши мумкин.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА