Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Истанбулдаги ваколатхонаси иш бошлади
16:49 / 2022-05-16

15 май куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Истанбул шаҳридаги ваколатхонаси иш фаолиятини бошлади.

Ваколатхона очилиш маросими мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги бош консули А.Агзамхўжаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи З.Аскаров, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи А.Ирматов ва бошқа масъуллар иштирокида бўлиб ўтди. 

2022 йил 1 мартда қабул қилинган “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 149-сонли Президент қарорида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг янги ваколатхоналарини очиш орқали хориждаги юртдошларимизга кўрсатиладиган хизматлар қамровини кенгайтириш белгиланган.  

Қайд этиш керак, ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида агентликнинг хорижда янги ташкил этилган ваколатхоналари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида тайёрлов курсини тугатиб, иш фаолиятини бошлаш учун тегишли ҳудудларга жўнаб кетган эди.  

Агентлик матбуот хизмати хабар қилишича, пойтахт Истанбулда ваколатхона очилиши доирасида делегациямиз аъзолари “Ўзбек аёллари ҳуқуқлари ассоциацияси” раҳбари Озода Исломова билан учрашган.  

Мулоқотда Туркияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган аёлларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси жараёнига жалб этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. 

ЎзА